ЎЗБЕКИСТОН

Андижонда ўқитувчининг дарс соатини танишларига ўтказиб берган “замдиректор” лавозимидан “учди”

Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги мактаб ўқитувчисининг дарс соатларини ўз танишларига ўтказиб берган директор ўринбосари лавозимидан бўшатилди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотга кўра, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили номига Булоқбоши туманида яшовчи фуқаро О.Қ.дан иш фаолиятида меҳнат ҳуқуқларининг бузилаётгани бўйича мурожаат келиб тушган. Тумандаги мактаблардан бирида математика фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритадиган мурожаатчининг сўзларига кўра, шу мактабнинг ўқув тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари иш бошлаганидан буён йиғишларда уни обрўсизлантиришга ҳаракат қилиб келган ва унга босим ўтказиш орқали дарс соатларини ўз танишларига бўлиб берган.

Ҳолат юзасидан фуқаро О.Қ.нинг мурожаати назоратга олиниб, вилоят Халқ талими бошқармаси билан биргаликда ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ўрганилган. Ўрганиш давомида директор ўринбосарининг иш фаолиятида қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланиб, мурожаатчидан қонунга зид равишда олинган ўқув соатлари ўзига қайтарилган.

Мактаб директори ўринбосари эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan