СИЁСАТ

Сурхондарёда референдум олдидан брифинг ўтказилди

Бугун Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 9–Сурхондарё округ комиссиясининг матбуот марказида навбатдаги брифинг бўлиб ўтди.

Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда 9–Сурхондарё округ комиссияси раиси Абдисалом Хўжақулов  округ ҳудудидаги овоз бериш участкаларида референдумга кўрилган тайёргарлик ишлари ва Марказий сайлов комиссиянинг қарори билан жорий йил 19 апрелдан бошланган муддатидан олдин овоз бериш жараёни ҳақида ахборот берди.

Қайд этилдики, округ ҳудудидаги 860 та участканинг барчаси календар режада белгилаб олинган чора-тадбирлар доирасида жиҳозланиб, овоз берувчилар учун зарур шароит яратилди. Айни пайтда вилоятдаги участкаларнинг 685 таси умумий ўрта таълим мактабларида, 58 таси коллеж, лицей ва техникумларда, 13 таси маҳалла фуқаролар йиғинларида, 19 таси тиббиёт муассасалари, санаторий ва дам олиш масканларида, 7 таси олий ўқув юртлари биноларида, 25 таси давлатга қарашли корхона ва ташкилотларда, 33 таси адлия, давлат хизматлари, маданият ва спорт марказларида, 16 таси ҳарбий қисм ва озодликдан маҳрум этиш муассасаларида, 4 таси тадбиркорлик субьектлари биноларида фаолият юритмоқда.

Мамлакатимизнинг бошқа кўплаб участкалари сингари округ ҳудудидаги референдум ўтказувчи участкаларнинг 30 тасида 30 апрель куни фуқароларнинг овоз бериш жараёни бевосита видео-транслация қилиш орқали тўғридан-тўғри намойиш этиб турилади. Бунинг учун ҳам алоҳида ҳозирлик кўрилиб, мазкур участкалар энг замонавий видео қурилмалар ва бошқа ахборот–коммуникация технологиялари билан жиҳозланди.

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунида референдум куни маълум сабабларга кўра яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчининг муддатидан олдин овоз бериши белгилаб қўйилган. Шунга асосан Марказий сайлов комиссиянинг қарори билан мамлакатимизда 19 апрелдан муддатидан олдин овоз бериш бошланди. Уни юксак савияда ўтказиш учун участкалар тегишли тартибда етарли блютень билан таъминланди. Юртдошларимиз дам олиш ва байрам кунлари ҳам соат 12:00 дан соат 16:00 гача рўйхатга олинган референдум участкасига бориб, муддатидан олдин овоз бериш имкониятига эга бўлди. Бу жараён бугун кеч соат 18.00 дагача давом этади.

Брифинг якунида Марказий сайлов комиссиясида аккредитациядан ўтган оммавий ахборот воситалари ходимларига махсус гувоҳнома, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун эслатма шаклида чоп этилган китобча топширилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan