ХАБАРЛАР

Жиззахда браконьер Департамент ходимини автомобилида уриб кетди

Жиззах вилоятида ноқонуний балиқ овлаётган  уни аниқлаган Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бўлим бошлиғини жароҳатлади. Мазкур шахс автотранспорт воситасини давлат хизматчисининг устига ҳайдаб, унга тан жароҳати етказган. Бу ҳақда Департамент матбуот хизмати хабар берди

Маълум қилинишича, Департаментнинг Айдар-Арнасой кўллар тизими ресурслардан фойдаланиш соҳасида иқтисодий ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими томонидан Табиат ресурслари вазирлигининг Айдар-Арнасой кўллар тизими бўлими ходимлари билан ҳамкорликда “Арнасой” канали бўйида тунда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Арнасой туманида яшовчи К.С. ва бошқалар электр қармоқларидан фойдаланган ҳолда ноқонуний балиқ овлаётганликлари аниқланган. 

Келтирилишича, К.С. хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг қонуний талабларига амал қилмасдан, уларга фаол қаршилик кўрсатган. У ноқонуний овлаган балиқлари ва бошқа ашёвий далилларни йўқ қилиш мақсадида ўзининг Nexia 3 русумли автотранспорт воситасини Департамент бўлим бошлиғи П.О.нинг устига ҳайдаб, унинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириш орқали тан жароҳати етказган.   

Мазкур ҳолат юзасидан Фориш туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan