Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Фан ва технологиялар бўйича Миллий кенгашнинг биринчи йиғилишида Миллий фанлар академияси фаолиятида туб ўзгаришлар бўлиши кераклигини айтди. Бу ҳақда Акорда матбуот хизмати хабар берди.
“Очиғини айтаман: бизда академиклар кўп, уларнинг баъзиларининг фанга умуман алоқаси йўқ. Кўриниб турибдики, одам академик бўла туриб, унинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси ҳеч кимга мутлақо номаълум. Бундай академикларнинг илмий билимлари ҳам, уларнинг ютуқлари ҳам жиддий шубҳаларни уйғотмоқда”, деган Қозоғистон раҳбари.
Президентнинг фикрича, бу академия нуфузига путур етказади. Шунинг учун академиянинг янги раҳбарияти ушбу долзарб муаммога жиддий эътибор қаратиши лозим. Тўқаев Миллий Фанлар академиясининг нуфузи ва мақоми бенуқсон бўлиши кераклигини таъкидлаб, унинг фаолиятида кескин ўзгаришлар кутишини билдирган.
Бундан ташқари, давлат раҳбари илмий ҳамжамиятни илм-фанга давлат томонидан ажратилаётган маблағни текин озиқлантирувчи сифатида қабул қилмаслик ҳақида огоҳлантирган.
“Алоҳида айтмоқчиманки, илм-фанни давлат томонидан молиялаштириш олимлар эмас, балки сохта олимларни бепул озиқлантирувчи восита сифатида кўриб чиқилиши керак. Сизга сир эмаски, ҳақиқий илмий аҳамиятга эга бўлмаган тегишли лойиҳалар кўпинча молиявий грантларга мослаштириляпти”, деган Тўқаев.