ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналари ҳузурида 55 та референдум участкалари тузилди

Жорий йил 27 март куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум участкалари тузилади, — деди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси котибияти раҳбари Худоёр Маматов. — Шунингдек, чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум участкалари Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига мувофиқ тузилади. 

Ушбу қонун талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги 39 та дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 55 та референдум участкалари тузилди. Мазкур референдум участкалари 14-Тошкент шаҳар референдум округига бириктирилди.

Мажлисда шунингдек, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Маълумки, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда хорижий ва маҳаллий кузатувчилар ҳамда ОАВ вакиллари қатнашиш ҳуқуқига эга. Улар тегишли тартибда Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилади.  

Шулардан келиб чиқиб, мажлисда Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига асосан 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикасининг референдумида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросидан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.    

Бундан ташқари, маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш борасидаги ишлар кўриб чиқилиб, бу борада давлат ва нодавлат ОАВ вакиллари референдумга 10 кун қолгунга қадар аккредитация қилиниши мумкинлиги қайд этилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan