ЎЗБЕКИСТОН

«Мамлакатимизда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлашнинг асоси сифатида мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш Конституциявий ислоҳотларнинг муҳим устувор йўналиши»

Янгиланаётган Конституциямиз лойиҳасини ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этди. Умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушган бўлса, уларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олди, десак тўғри бўлади. Жумладан, Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилиб, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда. Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда.

Яъни, амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда. Шу боис, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг сиёсий-ҳуқуқий аҳамияти, кўлами ва ҳажмидан келиб чиқиб, Конституциявий қонун лойиҳаси номи «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида» деб ўзгартирилди.

Янгиланаётган Конституциямизда мамлакатимизда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлашнинг асоси сифатида мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш Конституциявий ислоҳотларнинг муҳим устувор йўналишига айлантириш кўзда тутилган.

Янгиланаётган Конституциямиз 41-моддасида Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги белгиланган. Ушбу норма амалдаги Конституциямизнинг 36-моддасида белгиланган.

Янги конституциямизга янги киритилган 67-моддага кўра, Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши белгиланган.

Шунингдек, ушбу моддада тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли эканлиги мустаҳкамланган.

Бундан ташқари, ушбу киритилган янги моддада Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши кўрсатилган.

Энг муҳим бир янгиликлардан десак адашмаган бўламиз. Ушбу фаолият боғлик махсус Қонун нормаси бўлсада, конституциявий норма даржасига кўтарилди. Яъни янги киритилган ушбу моддада монопол фаолият қонун билан тартибга солинаши ва чекланаши белгиланган.

Бундан шуни хулоса қилиш мумкинки, янгиланаётган Конституциямизда мамлакатимизда мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги таъминлаш ҳамда мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилишни кафолатлаш орқали қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш кўзда тутилгандир.

Зеро, тадбиркори бой бўлган давлатнинг халқи ҳам бой бўлади, иқтисодиёти қудратли бўлади.

Меҳриддин Холбеков
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan