ЖАМИЯТ

Ҳашар – элга ярашар

Обод юртнинг файзи, таровати ўзгача бўлади. Зотан, озодалик, поклик, саранжом ва саришталик юртимизнинг янада кўркам бўлишига замин яратади. Бунда халқимизнинг йиллар давомида шаклланган эзгу қадрияти – ҳашар муҳим ўрин тутади. Бугун бутун мамлакатимиз бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.

Халқимизнинг севимли байрами Наврўз айёмига бағишланган ушбу умумхалқ хайрия ҳашари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 10 март № 111 – F Фармойишига кўра, ўтказилмоқда.

Мазкур хайрия ҳашарини ўтказишда маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонларни ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтирилиши ҳамда “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида барча турар жой мавзелари ва маҳаллаларда гул кўчатлари, мевали ва манзарали дарахтлар экиш, дарахтларни оқлаш ва  буташ ишлари амалга оширилиши алоҳида аҳамият касб этади.

Сурхондарёда бугун бўлиб ўтаётган хайрия ҳашарида Жарқўрғон туманидаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотларида фаолият кўрсатувчи раҳбар ва ходимлар ўз ихтиёрлари билан фаол иштирок этмоқдалар.

ДМТТ ходимлари ҳашарни бино атрофига гул кўчатлари ва манзарали дарахт кўчатлари экиш билан бошлади. Атроф супуриб-сидирилди, чанг ғуборлардан тозаланди, дарахтлар оқланди.

Юртнинг обод бўлишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишни инсоний бурчи деб билган Жарқўрғон туманидаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари айни дамда ҳашарни ўз ҳудудларида давом эттирмоқдалар.

Бугун чиндан ҳам ҳашар озодалик, саранжомлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлигимиз рамзи эканини яна бир карра намоён этмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan