
Сурхондарё вилоят судида шу мавзуда ўтказилган маърифий тадбирда вилоят суди ходимлари билан бирга уларнинг ота-оналари, оила аъзолари иштирок этди.
Мазкур тадбирда вилоят суди раиси Аблқосим Рузиқулов суд ходимлари ва уларнинг ота-оналари, оила аъзоларига сўнги йилларда суд-ҳуқуқ тизимига давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, ҳозирги кунда тезкор ва шиддатли даврда ҳар бир соҳада босқичма-босқич амалга оширилаётган ишлар замирида инсон ва унинг манфаатлари ётишлиги, бугунги кун талабига кўра суд ходимларининг маънавияти, одоби ва масъулияти алоҳида эътиборда эканлиги, ўз вазифасини виждонан ва талаб даражасида бажараётган суд ходимларининг ҳар бир ютуқлари албатта эътиборга олиниши ҳақида сўз юритди.
Вилоят суди раиси ўз сўзини давом
эттириб, “Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари замирида эришилаётган ютуқлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Унинг ортида халқимизнинг машаққатли меҳнати бор. Ана шундай муваффақиятларга эришишда тўғрилик, соф виждонлик, давлат мулкига ҳиёнат қилмаслик каби хислатлар асосий ўрин тутишини жуда яхши биламиз” деб
таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, вилоят суди раиси Аблқосим Рузиқулов мамлакатимизда коррупцияга қарши олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб, шу жумладан суд ходимларнинг хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши ва бундай қонунбузилишга йўл қўймасликлари, бойлик орттириш мақсадида фуқаролардан пора олиш қонунга хилоф эканлигини ҳамда суд ходимларининг одоб-ахлоқ меъёрларига қатъий риоя қилишлари, одил судловнинг обрўсига салбий таъсир кўрсатиши ёки унинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шартлиги, обод-ахлоқ меъёрлари бузилишини эътибордан четда қолдирмасликлари, ижро интизомига қатъий амал қилишлари зарурлигини уқтирди.
Таъкидлаш жоизки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиши, давлатнинг конституциявий асосларини, қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинларининг поймол бўлишига олиб келади.

Ташкил этилган тадбирда иштирок этаётган ота-оналар ва оила аъзолари вилоят суди раиси томонидан билдирилган сўзлардан сўнг ўзларининг фикрларини билдиришди.

Шу каби, тадбирда иштирок этаётган суд ходимлари ҳам ўзларига юклатилган вазифаларни беғараз бажариб, давлат ва фуқаролар олдида ўз масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда билим ва тажрибасини ишга солиб бажаришлари, мансаб йўриқномаси талабларига, ички меҳнат тартиб қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда ҳалол ва пок ишлашга ваъда бериб, бу ҳақда вилоят суди ҳамда Олий суд раҳбариятини ишонтиришини билдирдилар.
Асқар Қудратов, Сурхондарё вилоят суди Жамоатчилик ва
ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти