САЛОМАТЛИК ЎЗБЕКИСТОН

Пекиндан қайтган ватандошларимиз орасида коронавирус аниқланмади

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги коронавирус инфекциясига қарши курашиш штаби Хитой Халқ Республикасидан чартер рейслар  орқали олиб келинган фуқаролар тўғрисида маълумот берди деб хабар бермоқда «Соф.уз» нашри.

2020 йилнинг 4-5 февраль кунлари Ўзбекистонга Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳридан 2 та ҳамда Ухань правинциясидан 1 та чартер рейслар амалга оширилди.

Дастлабки рейс Пекин шаҳридан амалга оширилди ҳамда унда 250 нафар фуқароларимиз олиб келинди. Бирламчи текширувларда уларнинг ҳеч бирида коронавирус аломатлари аниқланмади.

Хитойдан олиб келинган ватандошларимиз коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, хавфсиз санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида махсус тайёрланган тиббиёт муассасасига жойлаштирилди.

Махсус тайёрланган муассасаларда барча зарур шароитлар яратилган. Жумладан, ўрин-жойлар, озиқ-овқатлар, зарур дори-дармонлар, диагностика, дезинфекция ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган.

Фуқароларнинг барчаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра  14 кун давомида (касалликнинг яширин даври давомида) лаборатория ва тиббий текширувлардан ўтказилади. Мазкур тадбирларга Соғлиқни сақлаш вазирлигидан соҳанинг еткачи мутахассислари жалб этилган, улар тегишли тартибда касбий тайёргарликдан ўтказилган.

Фуқаролар яқинлари билан телефон орқали аудио-видео мулоқот олиб бориш имкониятига эга бўлишади.