ЎЗБЕКИСТОН

Тошкентда жамоат транспортидан кўпроқ аёллар ва ёшлар фойдаланиши маълум бўлди

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан Тошкент шаҳри аҳолисининг йўллардаги тирбандликка муносабати ўрганилган.

Тадқиқот давомида Тошкент шаҳри аҳолисининг тирбандликка муносабати ва уни камайтириш бўйича таклифларини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровнома ташкил этилган. Унда жами 891 киши иштирок этди. Иштирокчиларнинг 60,8% и автомобил ҳайдовчилари ташкил этди. Шундан 10,3% и аёллардир.

Сўров натижасига кўра, автомобиль бошқармаслигини таъкидлаган иштирокчиларнинг 41,8% автобус, 27,5% метро, 24,1% такси, 1,7% микроавтобус хизматидан фойдаланишини ва 4,9% пиёда юришини билдирган. Жамоат транспортидан кўпроқ аёллар (33,1%) ва ёшлар (36,5%), шахсий транспортдан эркаклар (33,1%) фойдаланиши маълум бўлди.

Сўровда иштирок этган пойтахт аҳолисининг 74% тирбандликни асосий муаммолардан бири, 21% ўрта даражадаги муаммо ва 5% бошқа муаммолар қаторида унчалик муҳим эмас, деб ҳисоблашини билдирган.

Тирбандликдан автобус ва микроавтобус йўловчилари бошқаларга қараганда кўпроқ азият чекмоқда. Шу боис автобусдан фойдаланувчиларнинг 82,9% , микроавтобус йўловчиларининг 83,3% тирбандликни пойтахтнинг асосий муаммоларидан бири сифатида қайд этган.

Сўровда қатнашганларнинг 62,2% тартибсиз ҳайдовчилар, қоидабузарликлар, нотўғри парковка, 57,6% йўллардаги носозликлар, 46,8% ўқишга қатновчилар ҳамда 41,2% ишга қатновчилар туфайли фаолликнинг ортишини тирбандликни келтириб чиқарувчи асосий сабаблар сифатида қайд этган.

Респондентлар биринчи ўринда кичик ҳалқа йўлидаги чорраҳаларни (136 маротаба), Бунёдкор шоҳ кўчасидаги чорраҳаларни (106 маротаба) тартибга келтириш лозимлигини қайд этган.

Сўров иштирокчиларининг 41,8% и тирбандлик туфайли йўл учун кўпроқ вақт режалаштиришини, 39,1% и тирбандлик йўқ йўллардан юришини, 16,9% и тирбандлик камайишини кутишини айтган.
Билдирган фикрлар орасида жамоат транспорти (автобуслар) учун инфратузилмаларни яхшилаш, парковкаларни тўғри шакллантириш, кўпқаватли автотураргоҳлар, пиёдалар учун ерости ўтиш йўллари ва кўприклар қуриш, метро линияларини кенгайтириш, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлаш, рақамли бошқарувга ўтиш каби таклифлар кўп учрайди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan