ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

ТАЪМАГИР МАКТАБ ДИРЕКТОРИ

Ҳеч кимга сир эмас, бу ҳаётда ҳар бир инсон аввало намунали одоб-аҳлоқи, билими ва фидокорона меҳнати билан обрў-эътибор қозонади.

Ўсиб келаётган ёш авлод таълим-тарбиясига умрини, кучини, меҳру муҳаббатини бахшида этган ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз обрўйини, нуфузини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бунга жавобан давлат ва миллат олдидаги касбий бурчини, улкан масъулиятни чуқур англаб, ўғил-қизларни илму маърифатга ошно этаётган фидойи ҳамюртларимиз сафи кенгайиб бораётгани қувонарли, албатта. Бироқ бу касбга, тизимдаги ўзгаришларга доғ тушираётганлар ҳам йўқ эмаслиги, афсуски, ҳақиқат.

Ана шундай шахслардан бири Шавкат Ботиров (исм-шарифи ўзгартирилган) томонидан содир этилган ноқонуний хатти-ҳаракатлар фикримиз исботидир.

Аён бўлишича, Ангор тумандаги умумтаълим мактабининг директори вазифасида ишлаб келиб, кутубхоначи вазифасига ходимларни ишга олиш ва ишдан бўшатиш хизмат ваколатига киришидан фойдаланиб, ушбу мактабга кутубхоначи вазифасига ишга кирмоқчи бўлган фуқаро Анзима Шодиевага гўёки муқаддам шу мактабда кутубхоначи бўлиб ишлаган ходим камомадга йўл қуйганлигини, ушбу камомадни ёпиш учун деб 4 миллион сўм маблағи беришини талаб қилиб, айтилган пулни бергандан сўнг уни ишга қабул қилишини маълум қилади. Шундан сўнг кунларнинг бирида Шавкат Ботиров талаб қилинган 4 миллион сўм пулларни мактабга ишга кирмоқчи бўлган фуқаро Анзима Шодиевадан олаётган вақтида ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинади.

Шу орада мактаб директори Шавкат Ботировнинг кабих ниятлари амалга ошмай қолади. Унинг ушбу ҳаракатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, иш жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди томонидан мазмунан кўриб чиқилиб, жазо муқарраралиги таъминланди.

Бироқ, мактаби жамоаси учун ҳам таассуфли ҳолат эканини ҳисобга олсак, жамоа бундан кейин ўқитиш сифатини ва самарадорлигини ошириш йўли билангина «қизил» тамғадан халос бўлишига умид қилиб қоламиз.

Хулоса шуки, баъзан киши арзимайдиган хато ёки ўйламай босилган қадами туфайли йиллар давомида мисқоллаб йиққан обрўсини тўкиб қўйиши ҳам мумкин.

Бекзод Валиев
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди судья ёрдамчиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan