
Мамлакатимизда энергетика тизими, ҳусусан, газ соҳасини янада ривожлантириш кейинги йилларда давлатимиз белгилаб олган вазифаларнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Соҳага энерготежамкор, замонавий илғор техналогияларни жорий этиш, газ таъминоти фаолиятини трансформация қилишга эътибор кучайди.

Бугун вилоятда 7 та газ тўлдириш иншооти мавжуд, уларнинг ойлик газ тўлдириш қуввати 7 минг 800 тоннани, газ сақлаш қуввати эса 1 минг 200 тоннани ташкил этади. Қумқўрғон туманида жойлашган станция мазкур тумандан ташқари Шўрчи тумани аҳолиси учун ҳам хизмат кўрсатади.
Айтиш керак, 16 нафар мутахассис фаолият юритаётган станцияда бир кунда 50-60 тонна, бир ойда эса 1000-1200 тонна суюлтирилган газ тўлдирилади. Бу газ баллон ҳисобида 50 мингтани ташкил этади. Ўтган 2022-йилда мазкур станция орқали 12 минг 052 тонна суюлтирилган газ истеъмолчиларга етказиб берилган, бу эса 602 минг 551 дона газ баллони тўлдирилганлиги деганидир.

“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали томонидан “Қумқўрғон-Оқжар” газ тўлдириш станциясида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳолига қулайликлар ҳам яратилмоқда. Мазкур газ тўлдириш иншоотига Шўртан ва Муборак газ корхоналаридан темир йўл орқали газ етказиб берилади. Ва ўз навбатида бу ерда уни қабул қилиб олиш, жойлаштириш, сақлаш учун етарли шароит ҳам яратилган.

Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятида 593 минг 486 та газ истеъмолчиси бор. Шундан 591 минг 371 тасини аҳоли ва 2 минг 115 тасини улгуржи истеъмолчилар ташкил этади. 475 мингдан зиёд аҳоли хонадонлари эса суюлтирилган газ билан таъминланган.
2022-2023 йилларда куз ва қиш мавсумида вилоятдаги газ истеъмолчиларига 38 минг 348 тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши режалаштирилган бўлса, 2022-йил ҳолатига кўра 75 минг 155 тонна, жорий йилнинг январ ойида 6 минг 172 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган.

Шунингдек, газ тўлдириш стансиядаги ҳар бир жараён жумладан, газ сақлаш, унинг хавфсизлик чоралари, газ баллон тўлдириш ва ўз навбатида баллонлардаги қолдиқларни бўшатиш технологияларини доимий кузатиб турадиган 23 та видео камералар назорат қилиб боради .
Дарвоқе, иш вақтида ходимларнинг саломатлигини муҳофаза қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Махсус кийимлар, ҳимоя воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминланган.



Айтиш керак, бугун суюлтирилган газ тўловлари ID карталар орқали амалга оширилмоқда. 2022-йилда 475 209 минг нафарга яқин аҳолига ID карта тарқатилди ва 576 мингдан ортиқ маиший газ баллонларга махсус стикер ёпиштирилди.