Дунё давлатлари тайёргарлик кўришсин, парранда гриппи янги пандемияни келтириб чиқариши мумкин — ЖССТ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесуснинг огоҳ этишича, мамлакатлар янги пандемия эҳтимолига тайёргарлик кўришлари зарур. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, сўнгги ҳафталарда норка, тулки, денгиз мушуги каби бир қатор сут эмизувчилар туркумига мансуб ёввойи ҳайвонларда парранда гриппи (H5N1) вируси аниқланди.
Қайд этилишича, 1996 йилдан буён бу хасталик ёввойи қуш ва маҳаллий паррандалар орасида авж олаётган эди. Энди эса у сут эмизувчилар туркумига мансуб жониворларга юқаётгани хавотирларга сабаб бўлмоқда.
Ушбу хасталик камдан кам ҳолатларда одамлар ўртасида тарқалиши қайд этилган.
“Аммо бу ҳолат келажакда ҳам фақат шундай давом этишини тахмин қилолмаймиз, — дейди Т. Гебрейесус. — Шундай экан, ҳар қандай ўзгаришларга тайёр бўлишимиз керак. Одамлар эса инфекциядан зарарланган ва касалликдан ўлган ҳайвонларга яқинлашмасликлари зарур.”
ЖССТ раҳбарининг таъкидлашича, CОVID-19 пандемияси барчамиз учун сабоқ бўлиши керак. Тўғри, ҳозир коронавирус билан курашиш тажрибасига эгамиз. Аммо қурбонлар кўп бўлди ва ҳозир ҳам касаллик минглаб беморлар ўлимига олиб келмоқда.