ДУНЁ

АҚШ ва Исроил Эрон Инқилобий Гвардиясини “террорчи ташкилот” деб эълон қилмоқчи

Исроил ташқи ишлар вазири Элие Коэн ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Эрон Инқилобий Гвардиясини “террорчи ташкилот” деб эълон қилиш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Исроил ташқи ишлар вазирлиги ёзма баёнот берди.

Элие Коэн Қуддусдаги Ташқи ишлар вазирлиги биносида америкалик ҳамкасби Энтони Блинкен билан учрашди.

Учрашувда етакчилар Эрон таҳдидига қарши амал қилинадиган умумий чора сифатида Эрон Инқилобий Гвардиясини “террорчи ташкилот” деб эълон қилиш, Иброҳим келишувларини бошқа давлатларни ҳам ўз ичига оладиган шаклда кенгайтириш, АҚШнинг Исроил билан дипломатик алоқалари бўлмаган мамлакатларга ёрдами ва Исроил ҳаво йўлларининг Уммон устидан парвоз қилиш имкониятини тартибга солиш масалаларини муҳокама қилди.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарқ сафарининг биринчи бекати бўлган Мисрдаги учрашувларини якунлаб Исроилга йўл олганди ва Ғарбий Қуддусда Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху билан учрашганди.

Блинкеннинг Ғарбий Соҳилдаги Рамаллаҳ шаҳрида Фаластин Давлат раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашиши кутилмоқда.

Фаластин маъмурияти минтақага ташриф буюрган АҚШ Давлат котибидан минтақадаги кескинликни бутунлай тўхтатиш учун Исроил ҳукуматидан босим механизми кутаётганлигини билдирди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan