ЎЗБЕКИСТОН

Гендер тенгликни таъминлаш вахотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш

Ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан бири аҳолининг юксак ҳуқуқий маданияти ҳисобланади. Мамлакатимизнинг эндиги тараққиёти жамият аъзоларининг ҳуқуқий онги, тафаккури ва маданиятини юксалтиришни долзарб вазифа қилиб қўяр экан, шу ўринда аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Агар инсоният тарихига назар ташласак, аёллар эркакларга нисбатан камситилган, жамиятни бошқариш ишларидан четлатилган даврларни ифодаловчи илмий манбаларга дуч келамиз. Минг йиллар давомида аёллар фарзанд кўриб, уларни парваришлаш билан чекланганлиги маълум.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси қаторида МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб, бу халқаро ҳужжатларни эътироф этди ва ўз зиммасига хотин-қизларга нисбатан камситиш сиёсатини ўтказмаслик мажбуриятини олди ҳамда шу мақсадда хотин-қизлар манфаатларининг ҳуқуқий ҳимоясини белгиловчи тегишли қонун ҳужжатларини қабул қилди.

Улар жумласига: Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ги қонуни киради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида эркаклар ва аёлларнинг тенглиги (46-модда), оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, эркин ва тенг ҳуқуқли никоҳ тузиш (63-модда), фарзандларни вояга етказиш ва тарбиялаш учун ота-оналарнинг масъуллиги (64-модда) қоидалари белгиланган.

Хотин-қизлар дунё аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этади, аммо уларнинг кичик қисмигина муносиб иш билан таъминланади ва қарорлар қабул қилишда қатнашади.Сиёсатда ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёлларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш ривожланиш учун жуда муҳимдир.

Замонавий жамиятда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, шахслараро муносабатларнинг ривожига хизмат қиладиган ва ижтимоий тизимнинг барча шаклларида -оила, иқтисодиёт, меҳнат бозори, давлат маъмурий амалиётида кенг қўлланиладиган,ижтимоий адолат тамойиллари асосида жамият ҳаётини ташкил этишнинг долзарб муаммоси гендер тенглигидир.

Гендер — ижтимоий жинс деган тушунчани беради ва уларнинг тенглигини эътироф этади. Гендер — хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларидаги муносабатларининг мажмуини ташкил этади ва у ривожланиш жараёнининг барча босқичларида: оилада, жамиятда, таълимда, сиёсатда намоён бўлади.

Жинс бўйича камситиш — жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини тан олмасликка қаратилган ҳар қандай тарзда фарқлаш, истисно этиш ёки чеклаш, жумладан, оилавий ҳолати, ҳомиладорлиги, оилавий мажбуриятлари туфайли камситиш, шаҳвоний тегажоғлик қилиш, тенг меҳнат ва малака учун ҳар хил ҳақ тўлаш тушунилади.

Зўравонлик хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик)да намоён бўлади.

Зўравонликнинг кўринишлари турлича бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ Қонунида зўравонликнинг тўрт асосий
тури белгиланган:
• Руҳий зўравонлик
• Жисмоний зўравонлик
• Жинсий зўравонлик
• Иқтисодий зўравонлик
Бугунги кунда зўравонликнинг кенг тарқалган – кибер зўравонлик тури ҳам кенг тарқалган бўлиб, у жабрдийдага катта руҳий азоб орқали шикаст етказади.

Руҳий зўравонлик – хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш, шунингдек уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли, шу жумладан репродуктив соҳада назорат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотир уйғотган, ўзини ҳимоя қила олмасликка олиб келган ёки руҳий соғлиғига зарар етказган ҳаракатларда намоён бўлади.

Жисмонийзўравонлик – хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шакли ҳисобланади.

Иқтисодий зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан турмушда, иш жойларида ва бошқа жойларда амалга оширилган зўравонлик шакли, хотин-қизларнинг нормал яшаш ва камол топиш учун озиқ-овқат, уй-жой ҳамда бошқа зарур шарт-шароитлар билан таъминланишга бўлган ҳуқуқини, мулк ҳуқуқини, таълим олиш ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишни чеклашга олиб келадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик)да намоён бўлади.

Жинсий зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан уларнинг розилигисиз шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш орқали жинсий дахлсизликка ва жинсий эркинликка тажовуз қиладиган зўравонлик шакли, шунингдек зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилиш ёхуд аёл жинсидаги вояга етмаган шахсларга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар содир этиш орқали учинчи шахс билан жинсий алоқа қилишга мажбурлашдир.

Тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш деганда, хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи учун пайдо бўлган хавфни бартараф этиш, тезкор чора-тадбирларни талаб қиладиган ҳаётий вазиятлар юз берганда хотин-қизларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек жабрланувчига нисбатан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг такроран ғайриқонуний хатти-ҳаракатларига йўл қўймаслик мақсадидаги иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, ташкилий, психологик ва бошқа тусдаги кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар тизими тушунилади.

Тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишда – хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этишга олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга, жамиятда хотин-қизларнинг зўравонликдан холи бўлиш ҳуқуқларидан хабардорлигини оширишга қаратилган иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ва бошқа чора-тадбирлар тизими йўналишида кенг қамровли ишларни олиб бориш назарда тутилган. Бундай саъй-ҳаракатларга тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат – Ҳимоя ордери берилади .

Таъкидлаш жоиз, қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг гендер сиёсати соҳасидаги муҳим қадамидир ва у қонунчилик ҳамда амалиётнинг халқаро меъёр ва стандартларига тўлиқ мос келади, шу билан бирга, уларнинг бир қисми БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари тавсияларига асосланган.

Шу билан бирга, ушбу йўналишда давомий изчил ишларни амалга ошириш талаб этилади. Бу ерда нафақат қабул қилинган кўрсатмалар, балки уларнинг халқаро мажбурият ва стандартларга мувофиқлиги, жойларда ўз вақтида ва аниқ бажарилиши ҳам муҳим ахамиятга эга.

Шу маънода, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирок этишини таъминлаш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарур.

Нилуфар Тўраева,Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan