ЎЗБЕКИСТОН

Энергетика вазирлиги корхона ва ташкилотлар ходимларини онлайн иш режимига ўтказишни сўради

Энергетика вазирлиги совуқ кунларда газ ва электр энергиясига бўлган талаб ошиши, уларни етказиб беришда юзага келаётган муаммолар ҳамда бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан мурожаат билан чиқди.

Қайд этилишича, бугунги кундаги максимум талабни қондириш учун газ қувурлари ва магистрал электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти етарли бўлса-да, ресурслар етарли эмаслиги ҳисобига истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлашда муаммолар кузатилмоқда.

Билдирилишича, табиий газ танқислиги кузатилаётган шу кунларда истеъмолчилар хонадонларни иситиш учун электр қурилмаларидан кенг фойдаланмоқда. Биргина Тошкент шаҳрида бугунги кун давомида тармоқларда юкламаларнинг ортиши ҳисобига 1000 дан ортиқ носозликлар юзага келди.

Носозликларни бартараф этиш ишларни жадаллаштириш мақсадида республика бўйлаб барча ҳудудий электр тармоқлари корхоналаридан қўшимча бригадалар Тошкентга жалб қилинган.

Вазирлик қуйидагиларни тавсия этган:
хонадонларда биттадан ортиқ электрда ишлайдиган иситиш қурилмаларидан фойдаланмаслик;
корхоналар ва ташкилотлар ходимларини вақтинча онлайн иш режимига ўтказиш;
ортиқча кўча чироқларини, реклама экранлари ва иллюминациялар, шу жумладан қурилиши тугалланмаган бинолардаги чироқларни ўчириш;
энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланаётган истеъмолчиларга чора кўриш.
Бунинг натижасида мазкур тежалган энергия ресурсларини аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтиришга эришилиши айтилган.

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига гувоҳ бўлинса, 1154, 1104, 105 телефон рақамлари орқали мурожаат қилиш сўралган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan