ЎЗБЕКИСТОН

ЎЗ ВАЗИФАСИГА ИШГА ТИКЛАНГАН ФУҚАРО СУДГА МИННАТДОРЧИЛИК БИЛДИРДИ

Даъвогар Умид Алламуродов фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» Сурхондарё минтақавий филиалига ишга кириб, 2022 йилнинг 27 май кунига қадар ушбу банкда бўлими бошлиғи ўринбосари вазифасида ишлаб келганлиги, филиал фаолияти тугатилиши муносабати билан иш берувчи у билан тузилган меҳнат шартномасини 2022 йил 27 майдан бошлаб Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан ғайриқонуний равишда бекор қилганлиги, ўзи ғайриқонуний равишда бўшатилганлиги боис ҳозирда ўзини эгаллаб турган бўлим бошлиғи ўринбосари вазифасига ишга тиклашни, жавобгардан ўзининг фойдасига мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ва етказилган маънавий зарар учун 10.000.000 сўм товон ундиришни сўраган.

Даъвогарнинг даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан 2022 йил 14 октябрь куни кўриб чиқилиб, суднинг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари рад этилган.

Мазкур суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан даъвогар У.Алламуродов томонидан апелляция тартибида шикояти берилиб, шикоятида биринчи инстанция суди ишни бир томонлама, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини бузган ҳолда кўриб чиқиб, иш учун аҳамияга эга бўлган ҳолатларни тўлиқ аниқламаганлиги ва уларга баҳо бермаганлиги ҳамда у томонидан даъво муддатини узурли сабабларга кўра ўтказиб юборганлигини эътиборга олмаганлиги сабабли ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабларини қаноатлантиришни сўраган.

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ва апелляция инстанцияси судида аниқланган ҳолатларга кўра, даъвогар У.Алламуродов томонидан судга ишга тиклаш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан ўтказиб юборилган даъво муддатини узрли деб топишни ва тиклашни, даъвогар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчи томонидан даъвогарнинг меҳнат қонунчилигида белгиланган кафолатлари инобатга олинмасдан, уни иш билан таъминлаш чоралари кўрилмаган ҳолда қонунчилик талабларига зид равишда бекор қилинганлиги сабабли жавобгар АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» Сурхондарё минтақавий филиалининг даъвогар У.Ҳ.Алламуродов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруғининг У.Алламуродовга тегишли қисмини ғайриқонуний деб топиш ва уни аввалги вазифасига 2022 йил 27 май кунидан бошлаб ишга тиклаш ҳақида қонуний хулосага келган.

Шунга кўра, 2022 йилнинг 22 декабрь куни Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси келтирилган апелляция шикояти асосида фуқаролик ишини кўриб чиқиб, даъвогар Алламуродов Умид Ҳайиталиевичнинг жавобгар Ўзбекистон Республикаси АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» Сурхондарё минтақавий филиали ва Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармасига нисбатан “Буйруқни бекор қилиш, ишга тиклаш, иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш ҳақида”ги даъво аризаси юзасидан чиқарилган фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2022 йил 14 октябрдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, янги ҳал қилув қарори чиқарилган.

Янги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар У.Алламуродовнинг жавобгар Ўзбекистон Республикаси АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» Сурхондарё минтақавий филиали ва Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармасига нисбатан “Буйруқни бекор қилиб, ишга тиклаш ва иш ҳақи ҳамда маънавий зарарни ундириш ҳақида”ги даъво аризаси талаблари қисман қаноатлантирилган ва жавобгарнинг 2022 йил 27 августдаги 15-сонли буйруғининг даъвогарга оид қисми ғайриқонуний деб топилиб, бекор қилинган.

Шунингдек, янги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар Алламуродов Умид Ҳайиталиевич 2022 йил 27 майдан бошлаб АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» Сурхондарё минтақавий филиали Бек офиси таркибидаги кредитларни мониторинг бўлими бошлиғи ўринбосари вазифасига ишга тикланиб, жавобгардан даъвогар фойдасига мажбурий прогул кунлари учун 63.202.354 сўм иш ҳақи, маънавий зарар учун 10.000.000 сўм товон ундирилган.

Бундан ташқари, жавобгар АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» Сурхондарё минтақавий филиалидан давлат фойдасига жами 3.728.094 сўм давлат божи ундирилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, фуқаро У.Алламуродов ўзининг ҳуқуқлари паймол бўлганлигини билгани боис, адолат излаб судга мурожаат қилди. Ўтган давр мобайнида бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва ғайриқонуний равишда ишдан бўшатилганлигини исботлаш мақсадида қилган мурожаати ижобий ҳал этилди.

Асқар Қудратов,Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари биланалоқалар бўйича бош консультанти

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan