Uncategorized

ЎЗИНИ АНГЛАГАН-ВАТАННИ АНГЛАЙДИ

Ҳақиқатдан ҳам, ватан нелигини, унга меҳр қандай номоён бўлишини истаган одам аввало ўзини, ўзлигини англамоғи лозим. Шундай қилинсагина, инсон тўкис бахт соҳиби бўла олади. Агар бу англаш ёшлик пайтидаёқ шакллана борса, бахт унга ҳамиша ёр бўлади.

Сўз юритаётганимиз Қизириқ туманидаги Работак маҳалласида яшовчи Ҳумойиддин Йўлдошев ана шундай ёшларнинг бири. У баъзи бир тенгдошлари каби ёшлик йилларини ўйин-кулгу, вақти чоғлик билан бесамар ўтказаётгани йўқ, ҳозирданоқ, ўз келажагини ватан равнақи билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кўряпти. Шу боис, Ҳумойиддин кейинги йилларда тобора оммалашиб бораётган ўз-ўзини банд қилиш ҳаракатига қўшилиб ҳаётда ўз сўқмоғини изламоқда.

Шу мақсадда у 6 гектар ер майдонини аукцион асосида олиб, деҳқончилик билан шуғулланаяпти. Хумойиддиннинг оилада кенжа фарзанд эканлигини инобатга олсак, ўзини замонавий сановчи айрим тенгдошларга ибрат бўларли хайрли ишларни амалга оширяпти. Бу фикрни шунинг учун таъкидлаяпмизки, одатда кенжа фарзандлар бир оз эркароқ, тантиқроқ бўлишади. Аммо бу фикр Ҳумойиддинга тааллуқли эмас. У оиланинг чинакам кенжа ўғил фарзанди сифатида оилавий шароитларда юзага келган муаммоларни, рўзғор кемтикларини тўлдиришга астойдил бел боғлаган ёшлардан.

-Мен Қизириқ туманидаги Работак маҳалласига ёшлар етакчиси этиб тайинланганимдан сўнг, хонадонбай шаклида маҳалладаги оилалар аҳволини ўрганиб, хатловдан ўтказдим, – дейди Работак маҳалла ёшлари етакчиси Акбар Бобоқулов. – Ҳозирги кунда бу маҳаллада 5052 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 2557 нафарини 0 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. 930 нафарини 18 дан 30 ёшгача, 123 нафарини эса 14 дан 16 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бу маҳалланинг 54 нафар ёшлари турли Олий таълим даргоҳларида таҳсил олишади.

Ҳикоямиз қаҳрамони Ҳумойиддин ҳам ана шундай илмга ташна ёшларимиздан бири. У айни пайтда Самарқанд Давлат қишлоқ хўжалиги университетининг ветеринария факультетининг 5 босқич сиртқи бўлими талабаси. Айни пайтда омилкорлик билан иш тутаётган бу ёш тадбиркор ўзига бириктирилган ер майдонларида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирмоқда.

-Мен,-дея сўзини давом эттиради Акбар Бобоқулов, – эндигина иш бошлаган кезларимда биринчи навбатда Работак маҳалласидаги ёрдамга муҳтож оилаларни ҳамда ишсизлар сонини аниқладим ва рўйхат тузиб чиқдим. Маълум бўлишича ушбу маҳаллада 51 нафар ишсизлар ва ёрдамга муҳтож инсонлар бор экан. Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар туфайли маҳаллада етти нафар ишсиз ёшлар қолди. Ҳозирги кунда қолганларни ҳам иш билан таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Энди бевосита Ҳумойиддин Йўлдошев ҳақида тўхталадиган бўлсам, унинг ўзи укаси ва икки нафар синглиси ишсиз эди. Шунинг учун ҳам уни дарҳол “Ёшлар дафтари”га киритиб ер ажратиб беришга эришдик.

Ҳумойиддин Йўлдошев ўзига биркитилган ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Олиб бораётган ишлари ва даромадлари тўғрисида унинг ўзи шундай дейди:

-Бу йил беш гектар ер майдонга маккажўхори, бир гектарига эса қовун тарвуз экдик. Ҳозирги кунда экиндан бўшаган майдонларга буғдой ҳамда турли кўкатлар экиб, ана шу майсалар парвариши билан шуғулланаяпмиз. Мен ҳукуматимиздан мамнунман. Қийин вазиятга тушиб қолганлигим туфайли ишлаб даромад олиш учун ер ажратиб беришди.Макканинг ўзидан бу йил саккиз миллион сўм соф даромад олдим. Қовун тарвуздан ҳам худди шундай даромад олишга муваффақ бўлдим. Икинчи экинда беш гектар ерга экилган кўкатларимиздан қариийб 200 миллион сўм даромад олишни мўлжаллаб турибмиз. Ҳозир мен билан бирга тўрт киши ишлаяпти. Бу эса беш киши иш билан банд деганидир.

Ҳа, ишнинг кўзини билган ёшлар ўз-ўзини банд қилиш орқали ана шундай даромад олишга ва оиласи фаровонлигини таъминлашга эришмоқдалар.

Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида «Нигоҳ» лойиҳаси доирасида тайёрланди. 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan