ДУНЁ

2022 йилда журналистлар рекорд даражада кўп ўлдирилган

2022 йилда ўлдирилган журналистлар сони рекорд даражага чиқди, дейилади Халқаро журналистлар федерациясининг (FIJ) Инсон ҳуқуқлари йилига бағишлаб тарқатган декларациясида.

Euronews тарқатган хабарга кўра, жорий йилнинг 1 январидан буён оммавий ахборот воситаларининг 67 нафар вакили ҳалок бўлган. Бу ўтган йилги кўрсаткич билан таққослаганда 20 кишига кўпдир. Энг кўп журналист ҳалок бўлган мамлакатларнинг мазкур қайғули рейтингида Украина журналистлари биринчи ўринни эгаллаган.

Февралдан буён Украинада 12 нафар журналист ҳалок бўлган. Ундан кейинги ўринни Мексика эгалламоқда. Бу мамлакатда жорий йилда 11 журналист ўлдирилган. Учинчи ўринда бораётган Гаитида 6 нафар журналист ўз вазифасини адо этаётган чоғи ҳаётдан кўз юмган.

Ҳужжатда таъкидланишича, сиёсий қатоғон қурбони бўлган журналистлар сони ҳам ошган. Ҳозирда 375 нафар журналист панжара ортида ўтирибди. Хитой ва Гонконгда 84 нафар маҳбус журналист бор, ундан кейинги ўринда 64 нафар журналист билан Мьянма бормоқда. Кейинги ўринларни Туркия (51), Эрон (34), Беларусь (33), Миср (23), Россия (29), Саудия Арабистони (11), Яман, (10), Сурия (9) ва Ҳиндистон (7) эгаллаб турибди.

Халқаро журналистлар федерацияси келаси йили журналистларни ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги Конвенцияни БМТ Бош Ассамблеясига овозга қўйиш ниятида.

«Демократиянинг асосий устунларидан бири саналган журналистларни ҳимоя қилиш бўйича аниқ чоралар қабул қилиш вақти келди», – дейди FIJ бош котиби Антони Белланже.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan