ДУНЁ

НАТО Украинадаги можарода иштирок этмаслигини эълон қилди

НАТО бош котиби Енс Столтенбергнинг айтишича, Киевга қурол етказиб берилиши алянснинг Украинадаги можарога алоқадорлигини билдирмайди. Европарламентдаги социал-демократлар фракцияси йиғилишида у ҳарбий-сиёсий блок Украина давлатини қўллаб-қувватлашини, бироқ НАТО кучлари “на ерда, на ҳавода” эканини таъкидлади, деб ёзади “РИА Новости”. Столтенбергнинг фикрича, Украина БМТ Низомига мувофиқ ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

НАТО иттифоқчилари можаронинг бир қисми эмас. Биз Украинани қўллаб-қувватлаймиз, лекин у ерда НАТО кучлари йўқ, ҳавода НАТО самолётлари йўқ. Украинани қўллаб-қувватлаш можаронинг бир қисми дегани эмас. Украина ҳар қандай давлат каби БМТ Низомига мувофиқ ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Биз Украинага бу ҳуқуқдан фойдаланишга ёрдам берамиз”, деди Столтенберг.

Аввалроқ НАТО бош котиби Украинага етказиб берилаётган таъминот туфайли тугаб қолган қурол-яроғ захираларини тўлдириш масаласини муҳокама қилган эди. Блок матбуот хизмати томонидан эълон қилинган баёнотда айтилишича, Алянс раҳбари таъминотни имкон қадар тезроқ тўлдиришга чақирди.

АҚШ президенти Жо Байден аввалроқ Украинага 600 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини юборишга қарор қилган эди. Унда 36000 та 105 мм артиллерия снарядлари, мингта 155 мм аниқликдаги артиллерия снарядлари, тўртта юк машинаси ва оғир қуроллар, учувчисиз самолётлар ташиш учун саккизта тиркама, ўқ отар қуроллар, миналардан тозалаш ускуналари, тунги кўриш мосламалари, изоляцияланган формалар мавжуд.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan