ХАБАРЛАР

Ўзбекистон фуқаролари техник хато туфайли чақирув қоғозлари олмоқда — Россиядаги элчихона

Россиянинг Орлов вилоятидаги чиқиндиларни қайта ишлаш корхонасида ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари сафарбарлик учун чақирув қоғози олганди. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, «Экосити» чиқиндиларни қайта ишлаш заводида меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи Ўзбекистон фуқароларининг мурожаати оммавий ахборот воситаларида тарқалиши муносабати билан элчихона ходимлари компания бош директори Юрий Парахин, унинг ўринбосари Валерий Окоровков ва республика фуқаролари билан боғланди.

26 нафар Ўзбекистон фуқаросига сафарбарлик чақируви техник хато туфайли юборилган ва ҳужжатлар ҳарбий комиссариятда текширилгандан сўнг чақирув қоғози қайтариб олиниб, масала ҳал этилган. Бу маълумотни корхона раҳбарияти ва республика фуқаролари тасдиқлади.

Элчихона қисман сафарбарлик эълон қилингани муносабати билан Ўзбекистон фуқаролари томонидан техник хатолар бўйича чақирув қоғозлари олиш ҳолатлари мавжудлиги ҳам маълум қилган. Таъкидланишича, одатда барча бундай ҳолларда сафарбарлик чақируви ҳужжатлар текширилгандан сўнг қайтариб олинади.

«Шу муносабат билан, шунга ўхшаш вазиятларда Ўзбекистоннинг жойлардаги бош консуллиги (Владивосток, Новосибирск, Қозон, Екатеринбург, Санкт-Петербург, Ростов-на-Дону) ёки Ўзбекистон элчихонасининг Москвадаги консуллик бўлимига мурожаат қилишни тавсия этиламиз ёки ҳарбий комиссарлик вакилларига амалдаги шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан мустақил равишда мурожаат қилинг», — дейилади хабарда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan