ЎЗБЕКИСТОН

Ҳамкорлик ҳудудлар кесимида давом эттирилмоқда

Хабарингиз бор ўтган ойининг иккинчи ярмида ЎзННТМА билан Мудофаага кўмаклашувчи  “Ватанпарвар” ташкилоти ўртасида ҳамкорлик юзасидан меморандум имзоланганди. Мазкур меморандум асосида бугунга келиб эса ҳамкорлик ҳудудлар кесимида ҳам кенг йўлга қўйиш ишлари бошлаб юборилди.

Шу сингари ҳамкорлик ишлар самараси ўлароқ, Сурхондарё вилоятида куни кеча Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциация Сурхондарё ҳудудий бўлинмаси Ўзбекистон Республикаси мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳамда вилоят Адлия бошқармаси, Халқ депуталари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди ҳамкорлигида “Грант лойиҳасини ёзиш талаблари ва шартлари” мавзусида семинар – тренинг ташкил этилди.

Тадбирда вилоят Адлия бошқамаси, Халқ депуталари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди, Ўзбекистон мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар”  ташкилоти Сурхондарё вилоят ва туман кенгаши раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмлари ажратилиши орқали Ўзбекистон Республикаси мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг фаолияти йўналишларини янада ривожлантириш, ташкилотнинг ҳудудлардаги бўлимлари мутахассисларини лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш кўникмаларини шакллантиришдан иборат.

Бугунги кунда мамлакатимизда учинчи сектор фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йилнинг 4 мартида “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6181-сонли Фармони, ҳамда 3 мартида “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5012-сон Қарори қабул қилинган эди. Мазкур Қарорнинг жойлардаги ижросини самарали амалга ошириш, ННТларнинг жамиятдаги ролини янада кучайтириш, уларнинг барқарорлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб,  бугунги тадбирда ҳам айнан ННТларнинг турли ижтимоий гуруҳлар эҳтиёжларини қондириш, манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ижтимоий лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тушунтиришлар бериб ўтилди.

Жумладан, даставвал иштирокчиларга давлат гранти орқали ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети маблағлари, шунингдек жамоат фондларининг маблағлари ҳисобидан нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига уларнинг буюртмалари бўйича очиқ танловларга тақдим этган ижтимоий ва умум аҳамиятга молик лойиҳаларини  амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш учун бериладиган пул маблағлари ва бошқа моддий ресурслар давлат гранти ҳисобланиши ҳақида батафсил тушунчалар бериб ўтилди.

Шундан сўнг маърузачилар томонидан мавзуга оид асосий масалалар хусусида батафсил тўхталишди. Хусусан, грант олиш учун лойиҳа-буюртманомасининг таркибий қисмларига тўхталиб ўтилиб, унда жумладан, иштирокчилар муаммониниг таърифи, келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари нима?, Лойиҳанинг асосий мақсади ва умумий стратегияси қандай тузилади?, Лойиҳа вазифалари қандай ишлаб чиқилади?, Фаолият йўналишлари ва ишчи режа нима?, Лойиҳа бюджетини қандай ишлаб чиқилади ва унинг шартлари нима сингари саволларга батафсил жавоблар олишди.

Бундан ташқари лойиҳани тайёрлашда лойиҳанинг ҳаёт цикли, муаммо ва эҳтиёжларни аниқлаш, лойиҳанинг мақсад ва вазифалари бўйича ҳам маълумотларга эга бўлишди. Ҳар бир берилган назарий маълумотлар иштирокчиларга яна ҳам тушунарли бўлиши учун маърузачилар томонидан амалий мисоллар орқали муфассал тушунтириб ўтилди.

Умумий қилиб айтилганда, маърузачилар томонидан ННТ вакиллари томонидан кўтарилган ҳар қандай грант лойиҳаси доирасидаги муаммо ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли бўлиши ва у жамиятимиздаги оғриқли бўлиб турган масалани оз бўлсада бартараф этишга хизмат қилиши мумкинлигини  тушуниб етишлари лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбир ННТ вакиллари томонидан катта қизиқишларга сабаб бўлиб, грант лойиҳаси ёзиш юзасидан қизиқарли ва бахсли савол жавобларга бой тарзда ўтиб, якунда иштирокчиларнинг келажакда шундай грант лойиҳаларига бўлган қизиқишлари оширилишига эришилди.

Нафиса Турдиқулова,ЎзННТМА Сурхондарё  вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan