ЖАМИЯТ

Самарқандда халқаро гастрономик фестиваль бошланди

Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан халқаро гастрономик фестиваль ўтказилмоқда. Унда Россия, Саудия Арабистони, Озарбайжон, Қирғизистон ва бошқа давлатларнинг моҳир ошпазлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятидан пазандалар жамоалари, чет эллик сайёҳларга хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш корхоналари вакиллари қатнашмоқда.

Мамлакатнинг гастрономик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, туризмнинг ушбу йўналишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, миллий пазандалик анъаналарини оммалаштириш орқали сайёҳлар оқимини кўпайтириш фестивалнинг асосий мақсади ҳисобланади.

– Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги «Ғофур ота» чойхонасида фаолият юритаман, – дейди ошпаз Анваржон Қурбонов. – Фестивалда ўн йилдан буён вилоятимизнинг бренд таомига айланган «Пирамида ош»ни тайёрлаяпмиз. Бу ошимиз ўзига хос дизайни билан ажралиб туради. Шунингдек, ошни тайёрлаш жараёнининг ўзида сабзи тўғралади. Чунки, олдин тўғралган сабзи бироз сифатини йўқотади. Шу боис, ошимизга солинадиган ҳар бир маҳсулот шу ернинг ўзида тайёрланмоқда. Мазасига ҳакамлар, қолаверса фестивалга келган аҳоли, туристлар баҳо беришади.

Айни пайтда иштирокчилар таом тайёрлаш жараёни билан банд.

Фестивалда тайёрланган таомларни халқаро ошпазлик ҳакамлари баҳолаб боради. Ғолиб ошпазлар муносиб тақдирланади.

Фестиваль доирасида дунёнинг таниқли ошпазлари томонидан маҳорат сабоқлари ўтказилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan