ЖАМИЯТ ЎЗБЕКИСТОН

Изланишдаги ёшлар: «Касбим ўзи сартарош …»

30 ёшли Анвар Жалилов Сурхондарё вилояти Ангор туманида тадбиркорлигини йўлга қўйган ёшларимиздан. У 30 млн. сўмлик имтиёзли кредит асосида маиший хизмат кўрсатиш фаолиятини ташкил этганига кўп бўлгани йўқ. Сартарошлик касбини мукаммал эгаллашга, билим ва тажрибамни мунтазам ошириб боришга ҳаракат қиламан, дейди у.

-Ёшлигимдан шу касбга қизиқишим катта эди. Шогирд бўлиб, ижарага жой олиб ишлаб келганман. Устозим Шаҳриёр Қаҳҳоров менга сартарошлик касбининг сир-асрорларини ўргатди. Кейинчалик Тошкентдаги бир нечта ўқув марказларида тажриба оширдим. Қизиқишим туфайли бу йўналишдаги семинарларда қатнашиб, сартарошликни мукаммал ўрганишга ҳаракат қилиб келяпман, – дейди биз билан суҳбатда А.Жалилов.

Ўзбекистон “Сартарошлар ассоциацияси” тадбирларида мунтазам равишда иштирок этиб келаётган қаҳрамонимиз 2019 йилда мазкур ассоциация томонидан ташкил этилган “Сартарошлар ва пардозчилар” Республика кўрик танловида иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни эгаллади.

Ўз устида ишлаб, сартарошлик касби сирларини мукаммал ўрганаётган Анвар Жалилов Ангор туманида ўқув курсларини ҳам ташкил этган. Бу ерда таҳсил олаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади.

-Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган бундай ўқув курслари республикадаги вилоятлар орасида фақат Хоразм ва Сурхондарёда бор, –  дейди А.Жалилов. Курс давомида сартарошлик бўйича кўникмаларга эга бўлган иштирокчиларга якунда сертификатлар топширамиз. Шу кунга қадар узтоз-шогирд анъаналари асосида таҳсил олган ўқувчиларим сони 20 нафардан ошди.

Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида бизга Ангор тумани Ёшлар ишлари агентлиги “Навбаҳор” маҳалласи ёшлар ишлари етакчиси Шаҳриёр Қаҳҳоров ҳамроҳлик қилди.

-Маҳалламизда 837 нафар ёшлар бор. Шулардан 278 нафари 18-30 ёш, 256 нафари эса хотин-қизларни ташкил этади. Йил бошидан буён хатловдан ўтказганимизда маҳалламизда 23 нафар ёшларимиз ишсиз эди. Ҳозирги кунда 15 нафар ишсиз ёшларимизга тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун ҳукуматимиз томонидан таклиф қилинган имтиёзли кредитлар берилиб, уларнинг бандлиги таъминланди. Бу ишларни маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси билан бирга амалга оширдик. Қолган 8 нафар ишсиз ёшларимизни эса туманимиздаги моно марказда касб-ҳунарга ўқитаяпмиз. Курсларни якунлагач улар ҳам иш билан таъминланиши кўзда тутилган. Шу кунга қадар 32 нафар ёшларимизга имтиёзли кредитлар олишда ёрдамлашдик. Маҳалламиз туман марказида жойлашгани учун ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳалари яхши ривожланган. Кредит олган ёшларимиз эса айнан шу йўналишларда тадбиркорлигини йўлга қўйишмоқда. Анвар Жалилов ҳам бизга мурожаат қилганида имтиёзли кредитга тавсия бердик. Ҳозирда ўша маблағ эвазига сартарошхона очиб, жиҳозлади, ўзи билан бирга беш нафар ёшларни иш билан таъминлади,- дейди Шаҳриёр Қаҳҳоров.

-Бир кунлик даромадимни айтадиган бўлсам, унда ҳамма бу касбни танлайди-да, дейди қаҳрамонимиз. Аслида эса бир кунда 150-200 минг, баъзи кунлари даромадимиз бундан ҳам кўпроқни ташкил қилади.

Келгусида фаолиятини кенгайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, қўшимча замонавий маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчасини ташкил этиш режалари ҳақида сўзлаб берган воҳадошимиз келажакда олий таълим муассасасида ўқиб, илм олишни ҳам мақсад қилган.

Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида «Нигоҳ» лойиҳаси доирасида тайёрланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan