Толибон Афғонистонда ҳокимият қўлга киритилганининг бир йиллиги муносабати билан Москвага келади
Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий 15 август, душанба куни Москвага ташриф буюради, у билан бирга “Толибон” террорчилик ташкилоти томонидан тайинланган Афғонистон ҳукумати делегацияси Россия пойтахтига учади. Бу ҳақда Россиянинг Афғонистондаги элчиси Дмитрий Жирнов РИА Новости билан суҳбатда айтиб ўтди.
Томонлар нефть, буғдой, ун ва кунгабоқар ёғи сотиб олишни муҳокама қилади. Кейин Толибон делегацияси Қозонга жўнаб кетади. Жирнов буни томонлар минтақалараро алоқаларни ривожлантириши кераклиги билан изоҳлади.
Толибоннинг ташрифи Кобулнинг қўлга киритилиши ва Афғонистонда ҳокимият ўрнатилганининг бир йиллигига тўғри келади.
Афғонистон Савдо-саноат палатаси раҳбари ўринбосари Муҳаммад Юнис Ҳусайн аввалроқ мамлакат Россия билан минерал ва меваларни божсиз экспорт қилиш бўйича музокаралар олиб бораётганини маълум қилганди. РБК маълумотларига кўра, Россия Афғонистонга двигателлар учун электр жиҳозлари, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари, ун, ясмиқ, хамиртуруш, ёғлар етказиб беради. Бунга жавобан Афғонистон қуритилган узум ва ўрик, бодом, пишлоқ, чой ва қаҳва, сабзи, лавлаги, руда ва концентратлар, насослар экспорт қилмоқда.