ЖАМИЯТ

Андижонда МЧЖ раҳбари ўзини дарахтга осиб ўлдирди

Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Андижон вилояти Бўстон туманида МЧЖ раҳбари ўзини дарахтга осиб ўлдирди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаро Н.Саттарованинг Бўстон тумани Мактабгача таълим ташкилоти мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари бўйича йўллаган видео мурожаати ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Ҳолат юзасидан вилоят прокуратурасининг билдиришича, 2022 йилнинг 23 июнь куни «Бўз Иқбол чорваси» МЧЖ раҳбари Н.С. Бўстон туманидаги «Буюк турон чорваси» фермер хўжалиги дала майдонидаги дарахтга арқон билан ўзини осиб, вафот этганлиги ҳолати бўйича Бўстон туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, фуқаро Н.Саттарованинг марҳум акаси раҳбарлик қилган «Бўз Иқбол чорваси» МЧЖ томонидан тумандаги мактабгача таълим ташкилотларига етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотларининг пуллари тўлаб берилмаганлиги ҳақидаги мурожаати Бўстон туман прокуратураси томонидан мутахассислар иштирокида кўриб чиқилмоқда.

«Ҳар иккала ҳолат бўйича ўтказилаётган текширув вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган. Натижалари ҳақида қўшимча равишда маълум қилинади», дейилади хабарда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan