ЖАМИЯТ

Сурхондарёда ОАВ вакиллари газ соҳаси фаолияти билан танишишди

“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали журналистлар ва блогерлар учун ташкил этган пресс-турда иштирокчилар воҳада истеъмолчиларга табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш ҳамда уларга яратилаётган қулайликлар билан танишди.

Тадбирда журналист ва блогерлар, “Ҳудудгаз” акциядорлик жамияти, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларининг газ таъминоти филиаллари ахборот хизмати раҳбарлари иштирок этди. 

Маълумотларга кўра, вилоятда 2 минг 115 та улгуржи ва 556 минг 858 та аҳоли табиий ҳамда суюлтирилган газдан фойдаланмоқда. Аҳоли истеъмолчиларининг 107 минг 230 нафари табиий, 462 минг 310 нафари суюлтирилган газдан баҳраманд бўлмоқда. Икки кунлик тадбир Термиз шаҳридаги Гулистон маҳалласидан бошланди. Бу ерда иштирокчилар янгидан тортилган газ қувуридан 260 хонадонни табиий газ билан таъминлаш жараёнларини кўздан кечирди.  

Истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлашда юз берган муаммоларни бартараф этиш учун маҳалла ҳудудига 1 минг 100 погон-метрга яқин газ қувури тортилгани жорий йилда гулистонликлар учун ўзига хос янгилик бўлди. Эндиликда мавжуд 860 хонадоннинг ҳар бирига узлуксиз табиий газ етказилади. Ҳозиргача “Фидокор” кўчасидаги 260 хонадон газ қувурларига уланди. Пресс-тур қатнашчиларида Термиз шаҳридаги Боғишамол маҳалласида табиий газ назорати ва ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизими лойиҳасини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам яхши таассурот қолдирди. 

Маҳаллада бўлган меҳмонлар хонадонларга ўрнатилган “ақлли” газ ҳисоблагичларнинг қулайликлари билан қизиқди. Мазкур лойиҳа доирасида вилоятдаги хонадонларга “ақлли” газ ҳисоблагичларни ўрнатиш яқин кунларда ниҳоясига етади. Ҳозиргача 107 мингдан ортиқ хонадон замонавий газ ҳисоблагич билан таъминланиб, унинг биринчи босқичи якунланди.

Иккинчи босқичда яна қўшимча аниқланган хонадонларга 9 минг 643 дона “ақлли” газ ҳисоблагич ўрнатилади. Навбатдаги манзилда оммавий ахборот воситалари ходимлари, ахборот хизматлари раҳбарлари ва блогерлар Президентимизнинг 2021 йил 30 апрелдаги “Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Термиз” эркин иқтисодий зонасини табиий газ билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 1-2-июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ва Термиз шаҳри истеъмолчиларини табиий газ билан таъминлаш учун Ангор тумани Баҳор маҳалласи ҳудудидаги “Қорақир” АГРСдан 38,9 километрга кесими 219 миллиметрли юқори босимли газ тармоғини барпо этиш лойиҳаси билан танишди. Қувурларни монтаж қилаётган ишчилар билан суҳбатлашди.

Мутахассисларнинг айтишича, янги лойиҳа тўлиқ фойдаланишга топширилгач, Термиз шаҳридаги Гулистон, Каттабоғ, Гулираъно, Сурхон Соҳили, Мажнунтол, Юлдуз, Боғишамол, Мангузар, Чегара, Кокилдорота, Намуна каби 16 та маҳалла барқарор табиий газ билан таъминланади. Ҳовли уйлар, 10 мингтага яқин кўп қаватли хонадонлар, ҳудудлардаги ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт корхоналарида “зангори олов” таъминоти тубдан яхшиланади. Шу куни тадбир қатнашчилари тоғли Бойсун тумани маркази аҳолиси, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини табиий газ билан таъминлашга қаратилаётган эътибор билан ҳам яқиндан таништирилди. Кузги-қишки мавсумга кўрилаётган тайёргарлик юмушлари ҳақида маълумот берилди. 

– Газ таъминотидан истеъмолчилар рози бўлиши керак, – дейди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали директорининг биринчи ўринбосари А.Бозоров. – Мамлакатимизда юз бераётган янгиланишлар бизни ана шундай хайрли йўлда меҳнат қилишга ундамоқда. Шу мақсадда бу йил 5,5 километр газ қувурларини реконструкция қилиш, 10 дона газ тақсимлаш қурилмасини мукаммал таъмирлаш, 2 минг 125 дона газ тақсимлаш қурилмасини техник кўрикдан ўтказиш режалаштирилган. Газ қувурлари босим остида синовдан ўтказилиб, ҳаво босими ёрдамида тозаланади. 70,26 километр газ қувурларининг ер ости газ қувурлари ҳолати асбоблар ёрдамида текширилади. Ҳозиргача 1 минг 276 дона газ тақсимлаш қурилмаси техник кўрикдан ўтказилди. 36,5 километр қувур синовдан ўтказилиб, тозаланди. 70,26 километр ер ости газ қувурининг ҳолати текширилди. 143,4 километр газ қувури бўялди. Бу ишлар вилоятдаги 30 та маҳаллада 13 мингдан ортиқ истеъмолчи хонадонларида табиий газ таъминотини янада яхшилайди.  

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Давлат дастурлари доирасида вилоятдаги 30 та маҳаллада газ таъминоти сифатини ошириш ва суюлтирилган газ етказиб бериш юзасидан ҳам тегишли ишлар олиб борилмоқда. Тоғли Бойсун туманида ҳам табиий газ таъминоти ва суюлтирилган газ билан таъминлаш самарадорлигини оширишга эътибор кучайтирилмоқда. Денов туманидаги “Денов-Хайрабод” газ тўлдириш станцияси Денов шаҳри, Денов, Олтинсой туманлари истеъмолчилари ва қатор туманлардаги газ тўлдириш пунктларини суюлтирилган газ билан таъминлайди.  

Пресс-тур қатнашчилари мазкур иншоот билан яқиндан танишиб, бу ерга темир йўл орқали суюлтирилган газ етказиб бериш ва қувурлар орқали суюлтирилган газни қабул қилиб олиш, тарқатиш, газ баллонларни тўлдириш каби жараёнларни кўздан кечирди. Маиший газ баллонлар омборхонасида бўлиб, уларни босим остида синаш, оғир қолдиқларини тўкиш, маиший газ баллонларни бўёқлаш ишлари билан танишди. Газ тўлдириш станциясининг қуввати, хизмат кўрсатиш тартиби ва кейинги йилларда яратилган қулайликлар тўғрисида етарли маълумотга эга бўлди.  

Тадбир иштирокчилари Денов туманидаги Лочин маҳалласида қад ростлаган 16 қаватли замонавий турар-жой биноларини табиий газ билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни бориб кўрди. Хонадонлар бекалари билан суҳбатлашиб, уйларга ўрнатилган тежамкор ва хавфсиз ускуналар, газ ҳидини сезувчи, сув иситиб берувчи янги жиҳозларнинг афзалликлари билан қизиқди.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, журналист

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan