СИЁСАТ

Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Қирғиз Республикаси Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилган.

Тадбир қатнашчилари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бўлажак Маслаҳат учрашувига тайёргарликнинг ташкилий ва мундарижавий жиҳатларини муҳокама қилдилар.

Хусусан, Саммит кун тартиби, дастури, давлат раҳбарлари томонидан кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган якуний ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Марказий Осиёда сиёсат, савдо, инвестиция, саноат, транспорт, экология, энергетика, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, замонавий хавф-хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш соҳаларида давлатлараро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболи юзасидан фикр алмашилди.

В.Нoрoв ўз нутқида бугунги кунда Марказий Осиёда давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли принципиал жиҳатдан янги дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ишонч муҳити шаклланганини таъкидлади. Минтақа мамлакатлари кўплаб халқаро масалалар бўйича муштарак позицияга эга ва ҳатто, энг мураккаб масалаларда ҳам ўзаро мақбул ечим топади.

Шу билан бирга замонавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда, Марказий Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатъий қадамлар қўйиш, юзага келаётган таҳдидларга ўз вақтида жавоб бериш ва эҳтимолий оқибатни юмшатиш бўйича тегишли ташаббус, янги ёндашувлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Хусусан, яқин савдо-иқтисодий ва инвестициявий сиёсат юритиш, тадбиркорлик субъектлари ва ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани йўлга қўйиш, минатақанинг транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш, табиий ресурсларни биргаликда самарали бошқариш муҳимлиги таъкидланди. Таъкидланганидек, айни йўналишларда қўшма чора-тадбирлар муваффақиятли амалга оширилиши бутун Марказий Осиё макони барқарор ривожланиши учун ҳар томонлама самара беради.

Афғонистондаги мавжуд вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. Афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишда ҳамкорликни давом эттириш долзарблиги таъкидланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan