СИЁСАТ ЎЗБЕКИСТОН

Депутат ва сенаторларга гувоҳнома ва кўкрак нишони топширилди

Парламент сайловлари натижаларига кўра, Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатини ва Сенатининг 97 нафар аъзосини рўйхатга олди. Сенат аъзоларининг 13 нафари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 январдаги фармонига асосан тайинланган.

Сайловчиларнинг, яъни 33 миллионлик халқнинг, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг юксак ишончига сазовор бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган юксак шарафдир. Энди ҳар бир депутатнинг ва ҳар бир сенаторнинг зиммасида ҳар бир сайловчи, ҳар бир фуқаро, бутун халқимиз ва Президентимиз олдида юксак масъулият юки бор. Бу муқаддас юкнинг номи – халқимиз фаровонлигини янада ошириш, Ўзбекистонимизнинг энг ривожланган демократик давлатлар сафидан мустаҳкам жой олиши учун шу юрт фарзанди сифатида муносиб ҳисса қўшиш.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига гувоҳнома ҳамда кўкрак нишонларини топширишга бағишланган тантанали маросимда Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов миллий парламентимизнинг янги сайланган ва Президентимизнинг фармонига биноан тайинланган аъзоларини халқ вакили бўлишдек шарафли мақомга мушарраф бўлгани билан табриклади.

Тадбирда парламент аъзолари энди ўзининг бор куч-ғайрати, улкан илмий, ижодий ва лидерлик салоҳиятини ҳамда инсоний фазилатларини халқимизнинг ва мустақил Ватанимизнинг равнақи йўлида сафарбар этади, деган умид билдирилди.