ЎЗБЕКИСТОН

Қурилиш вазирлиги ходимлари томонидан тадбиркорларга нисбатан қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди

Қонунбузилиш ҳолатлари бўйича вазирлик ва унинг ҳудудий бош бошқармаларининг 143 нафар ходимига нисбатан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга тақдим этилди.

Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан Қурилиш вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимларида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши бўйича ўрганиш ўтказилди.

Ўтказилган ўрганишларда Қурилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бош бошқармалари ходимлари томонидан 1 326 та ҳолатда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ қонун ҳужжатлари талабларининг бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Турли давлат хизматларини кўрсатишда 90 нафар ходим томонидан 1 091 та ҳолатда белгиланган муддатларни кечиктириш, ортиқча ҳужжатлар талаб қилиш, мурожаатни асоссиз рад этиш каби қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.

Шунингдек, тадбиркорларнинг рухсат бериш билан боғлиқ мурожаатларини кўриб чиқишда Фарғона вилоятида 8 та, Тошкент шаҳрида 3 та ҳолатда лицензиялаш ҳамда рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилган.

Амалдаги тартибга асосан, лицензияловчи орган томонидан лицензия бериш масаласини кўриб чиқиш муддати 7 иш куни қилиб белгиланган бўлсада, вазирлик марказий аппарати ходимлари томонидан 7 та ҳолатда мазкур муддатнинг бузилишига йўл қўйилган.Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқилиши ўрганилганда 197 та ҳолатда қонунчиликка зид равишда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ўтказиб юборилган.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида 20 та ҳолатда ўтказилган ўрганишлар Бизнес-омбудсманни хабардор қилмасдан амалга оширилган.Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги учун вазирлик ва унинг ҳудудий бош бошқармаларининг 143 нафар ходимига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун судларга юборилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan