ЖАМИЯТ

Қарийб 1,2 триллион сўм: Ўзбекистон аҳолисининг ичимлик сувидан қарзи ортиб бормоқда

Ўзбекистонда ичимлик суви энг арзон бўлган ҳудуд Тошкент шаҳри, энг юқориси эса Навоий вилояти ҳисобланади. Бу ҳақда “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарма бошлиғи Бекзод Шойимов “Дарё” мухбирига берган интервюсида таъкидлаб ўтди.

“Ичимлик ва оқова сув хизматлари учун тарифлар харажатлардан келиб чиқиб шакллантирилади. Яъни ишлаб чиқариш, электр энергия, амортизация, ҳукумат кафолати остида олинган халқаро молия кредитлари, соҳадаги ходимларнинг иш ҳақи каби харажатлар жамланиб, сўнгра тариф белгиланади.

Бугунги кунда тарифлар ҳудудлар кесимида турлича бўлиб, энг арзони Тошкент шаҳрига тўғри келади. Пойтахтда 1 куб метр ичимлик суви нархи 400 сўм. Энг юқори нарх Навоий вилоятида – 1 куб метр ичимлик суви 3 минг сўмни ташкил этади.
Тарифларнинг ҳудудлар бўйича ҳар хил эканлиги ҳаражатлар билан боғлиқ. Тошкент шаҳрида ичимлик сувининг нархи арзонлигига сабаб шуки, Бўзсув канали орқали ўзи оқар йўли билан ичимлик суви олинади, яъни электр энергияси кам ишлатилади. Бухоро, Навоий вилоятларида ер остида яроқли ичимлик суви заҳиралари йўқлиги туфайли Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳридан — 200 километр масофадан ичимлик суви йирик магистрал қувурлар орқали етказиб берилади. Табиийки, электр энергияси, иш ҳақи ва бошқа ҳаражатларнинг юқорилиги нархга ҳам таъсир кўрсатади”, — дейди Бекзод Шойимов.
Бошқарма бошлиғининг қайд этишича, Ўзбекистон аҳолисининг ичимлик сувидан қарзи ўсиб бормоқда. “Ўзсувтаъминот” 4 миллион 250 мингта истеъмолчига хизмат кўрсатса, шундан 2 миллион 400 мингтаси қарздор абонент ҳисобланади.
“Мамлакатимизда ичимлик суви арзон бўлишига қарамасдан, май ойи ҳолатига кўра, аҳолининг 1 триллион 181 миллиард сўм қарздорлиги мавжуд. 2022-йил бошига нисбатан 10 фоиз ёки 110 миллиард сўмга ошган. Қарздорлик бўйича энг юқори кўрсаткичлар Тошкент шаҳри (239 миллиард сўм), Тошкент вилояти (139 миллиард сўм) ва Андижон вилояти (105 миллиард сўм)да қайд этилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш, исрофгарчилик ва қарздорликларнинг олдини олиш мақсадида замонавий сув ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари 2023-йил 1-январдан тўлиқ амалга оширилади. Бугунги кунда Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятининг бир қанча ҳудудларида ўнлаб хориж компанияларининг замонавий сув ҳисоблагичлари синов тариқасида ўрнатилмоқда”, — дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ вакили.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan