ДУНЁ

Лавров Путиннинг оғир бетоблиги ҳақида тарқалган миш-мишларга изоҳ берди

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Европа ОАВда Президент Владимир Путиннинг оғир бетоблиги ҳақида тарқалган миш-мишларга изоҳ берди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Россия президенти ҳар куни омма олдида чиқиш қилаётганини кўриб турган ақли расо одамлар унда касаллик аломатларини топишлари даргумон.

“Президент Путин ҳар куни омма олдига чиқади. Уни экранларда томоша қилиш, нутқларини ўқиш ва тинглаш мумкин. Менимча, ақли расо одамлар бу одамда қандайдир касаллик аломатларини борлигига ишонмайди”, деди Лавров Франциянинг ТF1 телеканалига берган интервьюсида.

Маълумотга кўра, баъзи ғарб ОАВларида Россия президенти Владимир Путиннинг бетоб эканлиги ва касаллик туфайли 3 йил ичида вафот этиши ҳақида миш-мишлар тарқалганди.

Жумладан, Буюк Британия нашрлари Россия Президенти Владимир Путин саратон касаллигига чалингани ва унинг уч йил умри қолгани ҳақида хабар тарқатганди.

Лавров Франция оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида бу айбловларни қатъиян рад этган.

Лавров бундай миш-мишларни тарқатган нашрларни виждонсизликда айблаган.

Интервьюда Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётлари ҳақида гапирган Лавров, амалиётлар режаланганидек давом этаётганини айтди.

Ғарб давлатлари томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларга тўхталган Лавров, «Бу санкцияларни Ғарб бошлади. Бу бир кечада ёзилгани йўқ. Бу санкциялар узоқ вақтдан бери тайёрланган. Бу санкциялар бекор қилиниши эҳтимолдан йироқ кўринади», – деди.

Унинг таъкидлашича, Россия Ғарб санкцияларига қарамай, мулоқот эшигини ёпмади.

«Биз мулоқотни қайта бошлаш йўли ёпиқ демоқчи эмасмиз. Лекин, биз Европанинг ниятини фақат амалий ҳаракатлар асосида баҳолаймиз. Биз жиддий сабоқ олдик», – деди Сергей Лавров.

Вазир Путиннинг Европа етакчилари билан учрашиши учун ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини қўшимча қилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan