ЖАМИЯТ

Орган ходимларининг тасвирини ғаразли ниятда интернетга жойлаганларни қамаш масаласи парламентда кўрилади

“Бу лойиҳа бўйича ҳукуматдан қўшимча маълумотлар сўраганмиз. Албатта, бу қонун лойиҳаси биринчи ўқишга киради ва муҳокамага сабаб бўлади”, деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов палатанинг бугунги ялпи мажлисида.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун, 31 май куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмади.
Танқидлардан сўнг қайта жонли эфирга узатила бошланган ялпи мажлис аввалида спикер Нурдинжон Исмоилов бу масала кейинроқ ялпи мажлисда албатта кўрилишини айтди.

“Ҳозир қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси қолдиғида турибди. Қўмита бу қонунни биринчи ўқишга киритиш бўйича ишларни давом эттирмоқда. Ҳали муддатимиз бор, албатта бу қонун лойиҳаси биринчи ўқишга киради ва муҳокамага сабаб бўлади. Ҳозирча шошилмаймиз ва қонунчилик ташаббуси субъектидан (Вазирлар Маҳкамаси орқали ИИВ – таҳр.) қўшимча маълумотлар сўраганмиз. Фракцияларда бу масала кўрилганда депутатларимиз бу масалани кўтарган…

Қўшимча маълумотлар олиб келинганидан кейин албатта бу қонунни кўришимиз керак. Бу жуда долзарб қонун, йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминлаш соҳасидаги қонунчилигимизда жуда кўп бўшлиқлар бор. Керак бўлса, зиддиятлар ҳам бор, униям тан олишимиз керак. Кўп муаммоларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳал қилиш зарурати мавжуд.

Айрим турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жазоларни албатта кучайтиришимизга тўғри келади, айримлари бўйича либераллаштиришга тўғри келади. Яна оғир оқибатли ЙТҲларни олдини олиш самарадорлигига қаратилган бир қанча нормалар кўзда тутилган: мутасадди идораларга ваколатлар, вазифалар ва масъулиятлар юклатиляпти.

«Албатта, бу қонунни биринчи ўқишда киритишимиз учун муддатимиз бор. Қўмитадан илтимос қиламиз, депутатларни фикри ва жойлардаги фикрларни инобатга олиб, буни албатта яқин кунлардаги йиғилишимизга киритилиши керак бўлади” Маълумот учун, қонун лойиҳасидаги бандлардан бирида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хизмат вазифаларини бажараётган чоғда олинган фото ва видеотасвирларини уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетга жойлаштириш 50 БҲМ жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

Ялпи мажлис бошланишидан олдин Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг Телеграмъдаги расмий каналида бу қонун лойиҳаси кун тартибига киритилмагани ҳақида пост чиқарди ва тез орада уни ўчириб ташлади.

“Баъзи бир ижтимоий тармоқларда ушбу қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан ялпи мажлис кун тартибидан чиқарилди, деган маълумот тарқалди. Ваҳоланки, мазкур қонун лойиҳаси палата кун тартибига киритилмаган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, фракциялар палата кун тартибидаги масалани чиқариш ваколатига эга эмас”, – деб ёзилган эди ўчирилган хабарда.
Kun.uz билан гаплашган Қонунчилик палатаси матбуот хизмати қонун лойиҳаси кун тартибига киритилмаганини тасдиқлади, лекин нима учун юқоридаги пост ўчириб ташлангани юзасидан изоҳ бермади.
Аввалроқ, Kun.uz ушбу қонун лойиҳаси парламент фракцияларида муҳокама қилингани ҳақида хабар берганди.
Муҳокамалар давомида ЎзЛиДеП, “Адолат” ва Халқ демократик партиялари ўз фракция йиғилишларида лойиҳага қарши чиққан. Улар буни очиқлик тамойилларига зид деб ҳисоблаган.
Kun.uzъдаги маълумотга кўра, “Миллий тикланиш” фракциясида қонун лойиҳаси консептуал жиҳатдан маъқулланган ва ялпи мажлисга киритишга қарор қилинган. Фақатгина Экологик партия йиғилишида бу масалада якдилликка эришилмаган: партиянинг айрим аъзолари лойиҳани қўллаб-қувватлаган бўлса, айримлари қаршилик билдирган.
Март ойида Ички ишлар вазирлиги шу бандни йўл-патрул хизмати ходимларига нисбатан татбиқ этишга уринган, бу борада ишлаб чиқилган ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчиликнинг жиддий эътирозига учраганди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan