ЖАМИЯТ

Ўзини осган ҳоким ёрдамчиси – Марҳаматлик ота марҳум ўғлини айблаган туман ҳокимлигидан норози

Ҳоким ёрдамчиси нима учун шайтоний васваса таъсирида ўзини осишга маҳкум этди? Марҳум умидсизлик исканжасига туша, ўз ҳаётига нуқта қўймоғига сабаб – оиладаги нотинчлик ёки қарздорликмиди? Ёхуд иш жойидаги босим ёки “куракда турмас” сўконғич, аламзада раҳбарларнинг ҳақоратларидан тўйгани учунмиди?

Тергов олди жараёнлардаги текширув хулосасига кўра: “Шахсга нисбатан муттасил равишда тазйиқ ўтказиш, ҳақорат қилиш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этилмаган…”. Демакки, ўз жонига қасд қилган шахс ўлимига ўзи айбдор?! Бу бахтсиз ходиса туфайли фарзандидан бевақт жудо бўлган Марҳаматлик Мирзаазимжон ота эндиликда бўлиб ўтган машъум воқеа ортидан ташқаридан бўлаётган турлича гап-сўзлар ва тарқатилган маълумотларни инкор қилмоқда.

 Ёдингизда бўлса, Андижонда ҳоким ёрдамчиси бўлган фуқаро билан боғлиқ ноҳуш воқеа содир бўлган эди. Айнан, 16 апрель санасида Марҳамат тумани ҳоким ёрдамчиси ўзининг хонадонидаги молхона тўсинига арқондан сиртмоқ қилиб, ўзини-ўзи осади ва воқеа жойида вафот этади. Ўз жонига қасд қилган фуқаро Фарҳод Мирзараҳимов 1984 йилда туғилган бўлиб, Марҳамат тумани, “Шўрқақир МФЙ”, Давлатобод кўчаси, 19 уйда истиқомат қилиб келган. Фарҳод Мирзараҳимов тумандаги “Полвонтош” маҳаласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритиб келаётган эди. Унинг ўлими билан боғлиқ Марҳамат туман прокуратураси томонидан текширувлар шуни кўрсатадики, унга нисбатан бирон шахс томонидан муттасил равишда тазйиқ ўтказиш, ҳақорат қилиш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этилмаганлиги ҳақида маълумот берилади.

Бироқ айни пайтда фарзандинингдоғида қаттиқ изтироб тортаётган марҳум Фарҳод Мирзараҳимовнинг отаси бўлмиш Мирзаазимжон Мирзараҳимовнинг Human.uz га йўллаган видеомурожаатида айтишига қараганда, ўғли ҳақида тарқаган маълумотларни нотўғри эканлигини, у туман ҳокимлиги мутасаддиларидан норози эканлигини билдирмоқда.

“Ўғлим Фарҳодбекнинг ўлимидан сўнг, Марҳамат тумани ҳокимлиги матбуот котибияти томонидан нотўғри маълумот беришди. Мен бундан қаттиқ норозиман. Нима эмиш, ичкиликка ружу қўйган, оиласи билан жанжаллашган, қарздор бўлган, деган маълумотни бериб, айблашган. Ўғлимнинг қаерда ичиб йиқилганини, кимдан қарз олгани ёки оиласи билан жанжаллашганинин туман ҳокимлигининг матбуот одамлари қаерда кўрибди, буни қандай исботлай олишади?! Шу саволимга жавоб беришсин-чи?

16  апрель куни ўғлим кундузи соат 12:00 ларда ўғлим Фарҳодбек уйга кириб келди. Қўлида тушликка деб, помидор, бодринг, сомса кўтариб келибди. Бирга тушлик 

қиламиз дада, деди. Мени қорним ҳозирча тўқ, ўзинг еявер, дедим. Билмадим, орадан қанча вақт ўтди, молхонага бориб ўзини осиб қўйибди. Ўғлимнинг нима гуноҳи, хатоси бор эдики, ўзини бундай ҳолатда ўлдиришгача борди?

У Марҳамат туманининг “Полвонтош” маҳалласида туман ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишларди. Қўшни туман Қува чегарасига яқин жойга ҳар куни бориб келишнинг ўзи осонмас. Ўғлимнинг қатнашга транспорти йўғиди, борди-келди қатновига вақти келса, йўлкира тополмас эди. Туман ҳокими ярим кечалари ҳам ишга чақириб оларди. Шу кунгача, касбига масъулиятли бўлган фарзандимни оилалари тинч, у ҳеч кимга зиён-заҳмати, ёмонлиги тегмаган. Туман ҳокимлигидан ўғлимнинг ўлимидан кейин на таъзия билдириб келишди, на оила-аъоимиздан ҳол-аҳвол сўраб келди. Уларда одамгарчилик, меҳр-шафқат деган нарса зиғирча йўқ экан.”, – дейди марҳумнинг отаси Мирзаазимжон Мирзараҳимов авфсус-надомат чекиб.

Марҳаматлик Мирзаазимжон отанинг кўнглига кимдир юпанч бериб, шу чоққача ҳолидан хабар оладиган одам топилмагани унинг гап-сўзларидан маълум. Йўқса, бизга шунча дардини йўллаган бўлармиди?!  Эндигина кексалик гаштини суриш, фарзандлари роҳат-фароғатини кўриш палласида турган отахон ўғлининг аянчли ўлимидан ғоятда оғир қайғуга тушган. Фарзанд доғида куйикиб, изтиробда қолган отани наҳот марҳамт тумани ҳокимлиги бирор марта ҳолидан хабар олишга ярамаган бўлса? Руҳан ва маънан изтиробда қийналаётган, касалванд отанинг бундай вазиятида туман ҳокимлиги мутасаддилари бефарқ бўлмаган ҳолда уларга амалий кўмак беришади, деган умиддамиз. Биз расмийларнинг жавобларини кутиб қоламиз.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan