ДУНЁ

Ўзбекистон ва Латвия давлатлари коррупцияга қарши курашишда ўзаро тажриба алмашади

Жорий йилнинг 23 май кунидан бошлаб Коррупцияга қарши курашиш агентлиги делегацияси Латвия Республикасида амалий ташриф билан бўлиб турибди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур ташрифнинг асосий мақсади икки давлат ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш масалаларини муҳокама этишдан иборатдир. 

Ташрифнинг дастлабки кунида делегация аъзолари ҳамда Латвия Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бюроси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Маълумот учун: Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бюроси (КНАБ) Латвияда коррупцияга қарши курашишга масъул ва мустақил етакчи орган ҳисобланиб, коррупциянинг олдини олиш, текшириш ва коррупцияга қарши ўқитиш орқали кенг томонлама фаолият олиб боради.
“Transparency International” халқаро ташкилотининг 2021 йилги “Коррупцияни қабул қилиш индекси”да Латвия 36-ўринни эгаллаган.

Учрашув давомида томонлар ҳар иккала давлатнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсати, коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, ушбу йўналишдаги меъёрий ҳужжатлар, шунингдек, коррупцияга қарши курашишда икки идоранинг ўрни ва асосий фаолият йўналишлари тўғрисида маълумот алмашилди.

Тадбир якунида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Т.Хайдаров ва Латвия Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бюроси директори Екабс Страуме томонидан ўзаро англашув Меморандумини имзолаш маросими ўтказилди.

Маълумот учун: Мазкур ҳужжат икки давлат ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида алоқаларни мустаҳкамлаш, илғор тажриба ва маълумотлар алмашиш, кадрлар салоҳияти ва билимини ошириш, коррупциянинг олдини олишга қаратилган ўқув машғулотлари, семинар-тренинглар ташкил этиш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишни назарда тутади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan