САЛОМАТЛИК

Юракнинг тез уриши ёки тахикардия — унга сабаб бўлган омиллар ҳамда уй шароитида даволаш

Касалликнинг олдини олиш учун стрессни ўз вақтида енгиш ва ҳиссий ҳолатни доимий назорат қилиш муҳимдир. Ғазаб, ҳаддан ташқари зўриқиш, уйқусизлик ва жисмоний ортиқча юк бирлашганда, ўткир миокард инфарктга сабаб бўлиши мумкин.

Юрак —инсонларнинг қон айланиш системасидаги марказий аъзо бўлиб, у доимо бир хилда қисқариши (систола) туфайли қонни қон айланиш системаси бўйлаб ҳайдаб беради ва уни веналар орқали қайтиб келишини ҳамда артериал қон томирлардаги ҳаракатини таъминлайди. Юрак касаллигини кўрсатадиган ҳар қандай аломатларга эътибор бериш ўта муҳим. Уларни эътиборсиз қолдирмаслик ёки йўқ бўлиб кетишини кутмаслик ва тест ва ташхис қўйиш учун дарҳол шифокорга мурожаат қилиш даркор.

Юрак уриши, бошқача айтганда тахикардия, турли сабабларга кўра пайдо бўлиши мумкин. Айниқса, стрессли ҳаёт тарзида яшовчи кўплаб одамлар юрак уриши муаммосига дуч келишади. Шу сабабли стрессдан узоқ туриш ўта муҳим.

Юракнинг тез уриши, ёки тахикардияга сабаб бўлган омиллар:

Тахикардияни қўзғатувчи омиллар нималардан иборат уларни аниқлаб олиш даркор.

Иш юки ва стресс,
Меёрдан ортиқча жисмоний машқлар билан шуғулланиш,
Депрессия,
Чанқоқлик,
Юқумли касалликлар,
Спиртли ичимликлар ва чекиш,
Имтиҳон стресси,
Дори воситаларидан нотўғри фойдаланиш.

Асосан чекувчи одамларда юрак-қон томир касалликларини ривожланиш хавфи чекмайдиганларга қараганда 2-4 баравар юқори бўлади. Юрак-қон томир тизими касалликлари дунё бўйлаб ўлимнинг асосий сабабидир.

Сигарета чекиш юрак хуружлари ва қон томирлари торайишига олиб келиши мумкин.

Чекиш, органларнинг периферик қон таъминоти бузилишини келтириб чиқаради. Оғриқли спазмлар, уйқусизлик ва оёқларда чарчоқ ҳисси пайдо бўлади. Қон таъминотининг етишмаслиги инфекциялар хавфини оширади, гангренани келтириб чиқаради ва оёқ-қўлларни ампутация қилишга олиб келади.

Агар чекишни ташласангиз, юрак хуружига дучор бўлиш хавфи камаяди ва оёқларингиздаги спазмлар аста секин йўқолади, чунки қон таъминоти яхшиланади.

Юракнинг тез уриши ёки тахикардияни камайтириш учун тинчлантирувчи методлар;

Стресс инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу тахикардияни келтириб чиқариши ёки мавжуд юрак уришини ёмонлаштириши мумкин. Баъзи тинчлантирувчи усулларини синаб кўриш юрак уришини тартибга солиши мумкин.

Масалан:

Медитация,
Нафас олиш машқлари,
Ёга,
Тоза ҳавода сайр қилиш,
Спорт билан шуғулланиш,
Дам олиш ва ҳаказолар…

Юрак уришини тартибга солиш учун аввало уни келтириб чиқарадиган омилларни аниқлаб олиш зарур. Сигарета чекиш, кафеинли ичимликлар истеъмол қилиш ва баъзи дори воситалари тахикардияга замин яратиши мумкин. Шу сабабли ушбу зарарли моддалардан узоқ туриш юрак саломатлигининг гаровидир.

Юрак уришини тинчлантириш учун уй шароитида қўллаш мумкин бўлган баъзи табиий воситалар;

Валериана ўсимлиги:

Халқ табобатида юрак ва қон-томир касалликларини олдини олиш ҳамда даволашда, айниқса асаб тизимини тинчлантиришда доривор ўсимликлар ва улардан олинадиган дори воситалари кенг миқёсда ишлатилади. Доривор валериана ана шундай доривор ўсимликлар қаторига киради. Бу ўсимликнинг энг катта хусусияти шундаки, у тинчлантирувчи таъсирга эга. Валериана дамламаси юрак уришини бир маромга солади.

Ялпиз:

Ялпиз кўплаб касалликларга, айниқса совуққа қарши ишлатиладиган ўсимлик ҳисобланади. Шунга кўра, куннинг исталган вақтида ялпиз истеъмол қилиш юрак уришини сезиларли даражада тинчлантириши маълум.

Жамбил:

Жамбил юрак соғлиғига таъсир қилиши мумкин бўлган шифобахш ўсимликдир. Жамбил ўсимлигидан чой дамлаб, кунига истеъмол қилиш юрак уриши ва юрак касалликларини олдини олишда самарали ҳисобланади. Жамбил эфир мойи эса тиббиётда дезинфекцияловчи ва антисептик дори сифатида оғиз ва томоқ шиллиқ пардаларини дезинфекция қилишда ишлатилади. Шунингдек, балғам кўчирувчи дори сифатида бронхит ва кўкютал касалликларини даволашда ишлатилади.

Юракнинг тез уриши ёки тахикардияни тинчлантириш учун тавсия этилган табиий дамламалар:

Мелисса ва лаванда чойлари:

Улар спазмни енгиллаштиради, уйқусизликни даволашга ҳисса қўшади, шунингдек, холеретик, диуретик ва карминатив, шифобахш таъсирга эга. Хушбўй баргларидан тайёрланган чой қон босимини пасайтиради, нафас олишни маромига туширади, овқат ҳазм қилиш тизимининг яллиғланган шиллиқ пардаларини тинчлантиради ва асабий силкинишларни енгиллаштиради.

Бундан ташқари, лаванда эфир мойи ҳам кўпинча ароматерапия сеансларида ишлатилади. Нервларга тинчлантирувчи таъсир кўрсатади.

Юрак уришини тинчлантиришга ёрдам берадиган маҳсулотлар қуйидагилар;

Бақлажон, исмалоқ, жўхори, райхон, петрушка ва долчин шулар жумласидандир.

Бақлажонни қовурмасдан зайтун мойи билан истеъмол қилиш тавсия этилади.

Халқ табобатида петрушка уруғидан сийдик ҳайдайдиган ва терлатадиган восита тариқасида фойдаланилади, шунингдек, буйрак ва юрак касалликларида алоқадор шишларга қарши кучли восита тариқасида ишлатилади.

Долчинни азалдан доривор маҳсулот сифатида ишлатиб келишган. Қизиқарлиси шундаки, унинг фойдали хусусиятларини ҳозирги замон олимлари ҳам таъкидлаб келишмоқда. Долчин кўп миқдорда минераллар, витаминлар ва организмга яхши таъсир кўрсатувчи эфир мойларини ўзида мужассам қилади. Долчин қон босимини нормаллаштириб, юрак-томир тизимини мустаҳкамлайди.

Исмалоқ ўзида кўпгина витамин ва минералларни, антиоксидантларни мужассам қилади. Кўриш қобилиятини яхшилаб, терини таранглаштиради, иммунитетни кўтаради, асаб тизими ва хотирани мустаҳкамлайди, стрессдан чиқишга ёрдам беради ва қон босимини ҳам меъёрлаштиради.

Райхон юрак касалликларини олдини олишга ва уларга қарши курашишга ёрдам беради. Райхон касалликларга қарши курашувчи антиоксидантларга эга.

Бундан ташқари, саримсоқ, лимон, пиёз, карам, грейфурт каби маҳсулотлар ҳам юрак саломатлиги учун зарур бўлган маҳсулотлардир.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan