Телеканалларда тиббиёт ходимлари ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи “Аёл қалби” бадиий фильмининг миллий премьераси бўлиб ўтмоқда.
2022 йилнинг 18 март куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотида шифокорлар фаолияти ҳақида фильмлар яратиш ва уларни халқимиз намойиш этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Хабарингиз бор, кейинги йилларда миллий кинематографияни ривожлантиришга қаратилган бир қанча фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киноижодкорлар олдида мамлакатимиз тараққиёти учун хизмат қилаётган турли соҳа вакиллари, жумладан халқимиз саломатлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари ҳақида фильмлар яратиш вазифаси қўйилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 декабрда қабул қилинган “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Кинематография агентлигига бошқа бир қатор идора ва муассасалар ҳамкорлигида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тўғри етказиш мақсадида тиббиёт ходимларининг касбини улуғловчи видеороликлар, илмий-оммабоп кўрсатувлар, бадиий ва ҳужжатли фильмларни ишлаб чиқиш ва телевидение орқали доимий намойиш қилиш вазифаси юклатилган.
Ўтган вақт мобайнида Агентлик буюртмасига асосан киноижодкорларимиз томонидан “Уриб тургин, юрак”, “Ковид-19: Синовли кунлар”, “Инсон” сингари ҳужжатли, “Бардош, “Сумбул” сингари бадиий фильмлар, шунингдек, 63 қисмли “Нажоткорлар” телесериали суратга олинди.
Агентлик буюртмасига асосан, “Шайҳонтоҳурфильм” МЧЖ томонидан суратга олинган “Аёл қалби” бадиий фильмида ҳам шифокорлар ҳаёти, соғлиқни сақлаш тизимидаги ўзгаришлар, соҳадаги янгиликлар ўз аксини топган.
8 март Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Республика Киночилар уйида мазкур фильмнинг тақдимоти ўтказилган эди. 18-19 март кунлари мамлакатимиздаги бир қатор давлат ва нодавлат телеканалларида “Аёл қалби” бадиий фильмининг миллий премьераси ўтказилмоқда.
Мазкур фильмга шифокорларимизнинг шарафли ва масъулиятли фаолияти, бурчга садоқат, ҳалоллик ва инсонийлик сингари ғоялар асос қилиб олинган. Фильм сценарийси Жамила Пўлатова ва Зулфия Қуролбой қизи қаламига мансуб. Фильмни таниқли кинорежиссер Жаҳонгир Қосимов бадиий раҳбарлиги остида Жамила Пўлатова суратга олган.
Фильмда бош ролларни Раъно Ярашева, Раъно Шодиева, Дилдора Умарова, Улуғбек Юнусов, Гулчеҳра Жамилова, Улуғбек Рустамов, Зуҳра Ашурова ва бошқалар ижро этишган.