Унинг қандай жиноят содир этгани очиқланди.
Одам савдосида айбланаётган қидирувдаги ўзбекистонлик аёл Бирлашган Араб Амирликларидан Ўзбекистонга депортация қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, аёл сотиш ва эксплуатация қилиш мақсадида яхши маошли иш ваъда қилиб, қизларни БААга олиб борган ва у ерда паспортларини олиб қўйиб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган. Унга нисбатан Ўзбекистонда судланувчи сифатида сиртдан қарор чиқарилган.
Қайд этилишича, аёл 2013 йилдан бери Интерпол каналлари орқали халқаро қидирувга берилган.
Таъкидланишича, аёл Интерполнинг Ўзбекистонаги Миллий марказий бюроси ва Бухоро вилояти Ички ичлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси ходимларининг музокаралари ва биргаликдаги тезкор ҳаракатлари натижасида БАА ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинган.