Uncategorized

«Толибон» ҳаракати аёлларга нисбатан яна бир тақиқ жорий этди

«Толибон» ҳаракати Афғонистонда аёллар билан боғлиқ яна бир тақиқни жорий этди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳаракат аёлларга ҳижобсиз автобусларда юрмасликни буюрган. Автобус ҳайдовчиларига эса намоз вақтларида ишини тўхтатиб туришни маслаҳат берган.

Таъкидланишича, ҳаракат томонидан эълон қилинган баёнотда аёллар жамоат транспортида ҳижобсиз юра олмаслиги, қариндошлари ҳамроҳлигисиз эса 78 километрдан ортиқ масофани босиб ўта олмаслиги қайд этилган.

Маълумот ўрнида, «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг Жузжон вилоятида қимор, маҳр, қўшиқ ва гиёҳванд моддаларни тақиқлаганди. Маълум қилинишича, ушбу қарор маҳаллий ҳукумат томонидан тасдиқланган бошқа амалларни тарғиб қилиш учун уламолар, хатиблар, оқсоқоллар ва ёшлар вакиллари билан келишилган ҳолда қабул қилинган. Маҳаллий бўлим бошлиғи Мавлавий Холиднинг айтишича, қарор аҳолининг исломий масалалар бўйича билимини оширишга хизмат қилади.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилоятида телевидение ва радиода аёл бошловчиларнинг чиқишини тақиқлаганди. Шунингдек, ҳаракат Ғазни вилоятида ҳам радиода аёлларнинг ишлашини тақиқлагани маълум қилинган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan