Uncategorized

Ўзбекистон телевиденияси 65 ёшда!

Миллий телевидения саноатининг ривожланиш тарихи ХХ-асрнинг ўрталарига тўғри келади. Собиқ иттифоқ давлатларнинг мустақил бўлиши натижасида вужудга келган янги тарихий вазият мамлакатнинг ягона телевидения маконининг парчаланишига олиб келди.

Марказий Осиёда биринчи

Ўзбекистон миллий телевиденияси ривожида янги босқич – ўзгариш ва бозор иқтисодиёти воқелигига мослашиш бошланди. Шу билан бирга, телестудияларнинг ташкилий тузилмаси, теледастурларнинг мавзуи ва мазмуни, маҳаллий (вилоят, шаҳар ва туман) телестудияларини ривожланиши ва ҳоказоларда жиддий ўзгаришлар рўй берди. Ўзбекистонда телевидениянинг шаклланиш ва ривожланиш тарихини икки даврга: шўро ва мустақиллик даврига ажратиб ўрганиб чиқиш талаб этилади.

Собиқ иттифоқ миқёсида илк расмий телекўрсатувлар Иккинчи жаҳон уришидан олдинги даврда Москва шаҳрида, сўнгра Киевда ташкил этилган эди. Ўзбекистон ҳукумати иттифоқ республикалари орасида учинчи ва Марказий Осиё республикалари орасида биринчи бўлиб телевидения маркази қурилишини режалаштирди. ХХ-асрнинг 50-йиллари бошида телемарказ лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, Тошкент телевидения маркази қурилиши бошлаб юборилди.

Ўша даврда қурилиш лойиҳасидаги маҳобатли иншоотлардан бири – баландлиги 180 метрли телеминора, телекўрсатув ва ултрақисқа тўлқин (УҚТ)да ишловчи радиоэшиттириш узатгичларини ўрнатишга мўлжалланган зал, аппарат-студия мажмуаси биноси, электр ва сув таъминоти, вентилясия ва кондиционер тизимлари ҳамда телевизион марказнинг меъёрда ишлашини таъминловчи кўпгина бошқа иншоотлар барпо этилди.

Умумий қурилиш ишлари якунлангач, 3-телевизион каналда ишлайдиган ТТР-5/2,5 русумли телевизион узатгични монтаж қилиш бошланди. Телеузатгичнинг қуввати 5 кВт, товуш узатгичиники эса 2,5 кВт бўлган. Шунингдек, 4 кВт қувватли, «Дожд-1» русумли, ултрақисқа тўлқин частотаси модулясиялаштирилган радиоэшиттириш узатгичлари ҳам монтаж қилинди. Бу ишлар билан бир вақтда аппарат-студия мажмуаси техник жиҳозлари, антенна-фидер мосламалари, энергия таъминоти ва бошқа қатор технологик мосламаларни монтаж қилиш ишлари ҳам олиб борилди.

Технологик қурилмаларни ўрнатиш ва созлаш якунлангач, 1956-йилнинг 5- ноябрида Ўрта Осиёда биринчи бўлиб Тошкент телевизион маркази тантанали равишда очилди. Тошкент вақти билан соат 18:00да телекўрсатувлар дастури эфирга берилди.
1956-1957 йилларда катта қийинчиликлар шароитида, оғир ва катта ҳажмдаги юклар (ускуналар, телевизор, қабул қилиш антеннаси) ортилган отлар ва эшакларда, гоҳида пиёда юриб, тоғли ҳудудларда телесигнални қабул қилиш имкони бор жойлар (нуқталар) аниқланди. 1960 йилдан бошлаб эса соҳа мутахассисларининг фидокорона меҳнатлари эвазига вилоятларда ҳам телекўрсатувларни ташкил этиш амалга оширилди. Телевидение узатгичлари бир неча марта янги авлод техник ускуналарига алмаштирилди. Республикамизнинг кўпгина вилоятларида ўнлаб катта ва юзлаб кичик қувватли телевизион стансиялар қуриб, ишга туширилди.

Тошкент шаҳар ва вилояти аҳолисига сифатли телевидение ва радоэшиттириш хизматларини кўрсатиш учун 180 метрлик минора ва кам кувватли узатгичлар кифоя қилмаслиги боис 60-йилларнинг бошларидаёқ Тошкентда янги телеминора қурилиши масаласи юзасидан биринчи таклифлар кўриб чиқилаётган эди ва 70-йилларга келиб, янги телеминора қурилиши учун Тошкент шаҳри марказининг баланд нуқтаси танлаб олинди – Бўзсув канали бўйидан кўркам манзарани ўз ичига олган 6 гектарли ер майдони ажратилди ва лойиҳа-қидирув ишлари бошлаб юборилди.

Телеминора Ўзбекистонга насиб қилди

Ўша даврда кўпгина лойиҳалар орасида Ўзбекистон ҳукумати аъзоларида Ироқ давлатининг Бағдод шаҳри учун Москва мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган телеминора лойиҳаси қизиқиш уйғотади. Ўрганиш даврида Ироқ давлати сиёсий тузумида ўзгариш юз берганлиги сабабли Бағдод телеминора қурилиши лойиҳасидан воз кечади. Кўпгина муҳокама ва мулоҳазалардан сўнг Ўзбекистон ҳукумати томонидан ана шу лойиҳаси негизида Тошкентда янги телеминора лойиҳасини ишлаб чиқилиши маъқулланади.

Шу даврдан бошлаб телеминора лойиҳасини мукаммалроқ ўрганиб, маҳаллий шароитга мослаштириш, қўшимчалар киритиш ишлари бошлаб юборилади. Лойиҳалаштириш даврида асосий йўналиш ҳисобланган телевидение ва радиоэшиттиришдан ташқари яна қатор масалалар ҳам ҳал этилиши лозим эди.

Биринчиси – телеминоранинг энг юқори қаватларида халқ хўжалиги учун зарур бўлган, атмосферанинг турли қатламларидаги об-ҳаво, осмон жисмлари ва қуёш радиацияси (нурланиши) тўғрисидаги муҳим маълумотларни бериб турадиган ва атроф-муҳитни кузатувчи метеостансиянинг техник воситалари ўрнатилиши талаб этиларди.

Иккинчиси – республикамиз пойтахти ва қадимий шаҳарлардаги тарихий обидаларни зиёрат қилиш жаҳон саёҳатчилар йўналиши рўйхатига киритила бошланганлиги сабабли, телеминора ҳам саёҳатчиларни жалб этадиган обидалардан бўлиши учун минорада шаҳар кўркини тамоша қилиш майдони ҳамда икки залдан иборат ресторан қуриш зарур эди.

Бундай нодир иншоот лойиҳасига ўзгартиришлар, қўшимчалар киритиш ва Тошкент шароитига мослаш учун кўп вақт ва меҳнат сарф қилинди. Бу ишда Тошкентдаги етук лойиҳа институтлари ҳамда Ўзбекистон рассомлари, архитекторлари ва халқ усталари қатнашдилар.

Тошкент телеминораси дастлаб 350 метр баландликда қурилиши режалаштирилган бўлиб, республиканинг ўша даврдаги раҳбарияти саъй-ҳаракатлари натижасида, минора қурилиш жараёнида унинг баландлиги 375 метрга етказилади. Телеминоранинг фойдаланишга топширилганига 37 йил тўлаётган бўлса-да, минора ҳамон ўз жозибаси ва мустаҳкамлигини йўқотмай келмоқда. Бугунги кунда Тошкентдаги телеминораларда тунги манзарали ёритиш тизими ўрнатилиши эса пойтахтга ўзгача сайқал ва чирой бериб келмоқда.

Рақамлаштириш имконияти

Республикамиз мустақилликка эришгандан сўнг, соҳа ходимлари республика телерадиоэшиттириш тизимини жаҳон андозасидаги замонавий технологиялар, жумладан, рақамли ускуналар асосида қайта жиҳозлаш режасини ишлаб чиқадилар ва уни амалга оширишга киришадилар. Жумладан, 2003-2005 йилларда Япониянинг ЖБИC лойиҳаси асосида республиканинг бешта шимолий вилояти ва Тошкент шаҳридаги телерадиостансиялар қайта жиҳозланади.


2007-2008 йили республикамизда рақамли телевидение жорий қилиш консепциясига асосан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида биринчилар қаторида Тошкент ва Бухоро шаҳарларида ҳар бири 12-13та теледастурга мўлжалланган рақамли телеузатгичлар ўрнатилиб, тажриба-синов тариқасида ишга туширилганлигини эътироф этиш ўринлидир.

“Ўзбекистон Республикаси ер усти рақамли телевидения тармоғини ривожлантириш” инвестицион лойиҳаси асосида мамлакатимизда рақамли телевидениега ўтиш ишларини босқима-босқич амалга оширишга киришилди. 2017-йил якунига келиб, республиканинг рақамли теледастурлар билан қамрови 100 фоизга етказилди ва 2018 йили республика бўйлаб эфир орқали узатилаётган аналог форматдаги барча телеешиттиришлар босқичма-босқич тўхтатилади.

РТСларга эътибор кучайтирилди

Охирги йилларда Тошкентда ўта юқори аниқликдаги телевизион сигнал узатилган ҳолда замонавий инновацион 4К форматдаги янги телеканал эфирга узатила бошланди, янги Зарабоғ ва Чиноз ПТCлар ишга туширилди, антенна-мачта мустаҳкамлигини таъминлаш борасида коррозияга қарши ҳимоя қилиш ишлар амалга оширилди, Тошкент шаҳрида рақамли телеузатгич комплексларини захиралаш масалалари ижобий ҳал қилинди, Лангар ва Қўйтош РТСларда 1947–1950 йиллардан буён фойдаланиб келинган, маънан ва жисмонан эскирган махсус иккита занжирли транспорт воситалари янгиларига алмаштирилди. Республика бўйлаб РТСларда туну кун меҳнат қилиб келаётган ишчи-ходимларга қулай шароит яратилди, узоқ ва олис минтақалардаги РТСларга хизмат кўрсатиш учун ЖАC русумли 12та йўлтанламас пикап автотраспортлар харид қилинди. Тошкент телеминораси биносининг кириш қисми ва унинг туташ ҳудудига, Тошкентдаги иккита телеминорага тунги манзарали ёритиш тизими ўрнатилди, Тошкент телеминоранинг 110 метр баландлигида жойлашган “Коинот” ресторани мукаммал таъмирланди.

Келгусида ушбу ишлар бардавом этган ҳолда барча вилоят марказларида рақамли телеузатгич комплекслари тармоғини захиралаш, Тошкент телеминораси энергия таъминоти тизимини модернизация қилиш, Тошкент вилояти аҳолиси учун “Нурафшон” давлат телеканалини ишга тушириш, мамлакатимиз вилоят марказларида, олис ва чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли учун нодавлат ва хорижий телеканаллар дастурларини етказиш ҳамда сонини кўпайтириш, ўта юқори аниқликдаги замонавий 8К форматдаги теледастурларни узатиш режалаштирилди.

Бугунги кунда телерадиоэшиттириш тармоғи Ўрта Осиёда энг катта тармоққа эга бўлиб, 127та антенна-мачта иншоотлар (шундан 28та 100 м. баланд АМС), 114та катта қувватли телеузатгичлар, 359та кам қувватли телеузатгичлар, 121та катта қувватли радиоузатгичлар, 260та кам қувватли радиоузатгичлар орқали туну кун аҳолига телерадиоэшиттириш дастурлари узатиб келинмоқда.

Шуни айтиш жоизки, бу шарафли ишларни амалга оширишда 100 йиллик тарихга эга, илк фаолияти радиоалоқадан бошланиб, кейинчалик радио ҳамда телевидение эшиттиришлар билан таъминлаб келган ва бугунда 1000 нафардан ортиқ ходим меҳнат қилаётган «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» давлат унитар корхонасининг барча фидойи, қатъиятли ва ўз меҳнатига меҳр қўйган раҳбар ва мутахассисларининг қўшган ҳиссалари беқиёс.

5 ноябр – Ўзбекистон телевиденияси ташкил этилган кун муносабати билан Ўзбекистон телевидениясини ташкил этишда ҳамда ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшган ва бугунда фаолиятини олиб бораётган барча ходимларни ушбу қутлуғ сана ва Ўзбекистон телевидениясининг 65 йиллиги билан табриклаймиз!

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan