Президент: «Кластерларга пахта теримини молиялаштириш учун ҳам Қишлоқ хўжалиги жамғармаси маблағларидан имтиёзли – 10 фоиз ставкада кредит ажратилади»
Президент раислигида кеча бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг бориши, кластерлар олдидаги муаммоли масалалар ва уларнинг ечимлари бўйича видеоселектор йиғилиши бошланди. Унда давлат раҳбари пахта-тўқимачилик йўналишида илгари сурилган асосий ташаббуслар ҳақида сўз юритди.
Жумладан:
- пахта ҳосилини молиялаштириш шудгор давридан, яъни октябр ойидан бошланади;
- кластерлар пахта етиштириш (пахта қийматининг 60 фоизи) учун Қишлоқ хўжалиги жамғармаси томонидан жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан 24 ойга кредит ажратилиб, унинг имтиёзли даври 11 ойдан 18 ойгача узайтирилади;
- кластерларга пахта теримини (пахта қийматининг 20 фоизи) молиялаштириш учун ҳам Қишлоқ хўжалиги жамғармаси маблағларидан имтиёзли – 10 фоиз ставкада кредит ажратилади;
- пахта етиштириш учун имтиёзли кредитлар фақат кластерлар орқали молиялаштирилади;
- якуний ҳисоб-китоб учун (пахта қийматининг 20 фоизи) олинган кредит фоизининг Марказий банк ставкасидан (14 фоиз) ошган қисми Қишлоқ хўжалиги жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.
Шунингдек:
- кластерларга бириктирилган 1 млн гектар пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш, суғоришнинг янги технологияларига ўтиш, ўсимликлар ҳимояси хизматлари, замонавий лабораториялар барпо этиш, фермерларни ўқитиш каби тадбирлар учун ҳар бир гектарга 1 миллион сўмдан грант ажратилади;
- кластерлар томонидан ип-калавани чуқур қайта ишлаш келгуси 2 йилда ҳозирги 50 фоиздан 70 фоизга етказилади;
- матони бўяш ва аралаш мато ишлаб чиқарадиган ускуналар хариди учун корхона қувватига қараб давлат ҳисобидан молиявий грантлар ажратилади;
- бўялган мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг экспортини қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан ставкаси 4-5 фоиздан ошмаган 100 миллион долларлик янги кредит линияси очилади;
- бўялган мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамда уларнинг камида 80 фоизини экспорт қилувчи кластер ва бошқа тўқимачилик корхоналарига 3 йил муддатга ижтимоий солиқ ставкаси амалдаги 12 фоиз ўрнига 1 фоиз қилиб белгиланади,
мол-мулк солиғини 3 йилга кечиктириб тўлаш имконияти берилади.
Бундан ташқари:
- келгуси йилдан ип-калавани қайта ишлайдиган кластерларга, кредит олишда пахта хом-ашёси ва толасини гаровга қўйиш амалиёти жорий этилади;
- очиқ танлов асосида барча кластерлар билан 30 йил муддатгача алоҳида шартнома тузилади;
- кластерларга ўғит, ёқилғи ва техника хизматлари каби масалаларни мустақил ҳал қилиш ва уларни тўсиқсиз импорт қилишга рухсат берилади;
- пахтачилик фермерлари ерининг ижара шартномаси бекор қилинган тақдирда, бўшаган ерни қайта ижарага беришда ушбу ҳудуддаги кластерга танловда устуворлик берилади;
- кластерлар фаолиятини тугатиш Республика комиссияси хулосаси асосида фақат суд тартибида ҳал қилинади.