Португалия пойтахти Лиссабон шаҳрида ўтказилган дзюдо бўйича фахрийлар ўртасидаги жаҳон чемпионати якунига етди.
Ўзбекистон терма жамоаси илк бор фахрийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этди. Ўзбекистон дзюдоси тарихида шу кунгача ҳеч ким фахрийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида татамига чиқмаганди. Илк иштирок терма жамоамизга кумуш медаль келтирди.
Мусобақанинг сўнгги куни 90 килограмм вазн тоифасидаги беллашувларда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Бекзод Тўрабоев финалгача мағлубиятсиз етиб бориб, жаҳон вице-чемпионига айланди.
«Olamsport.com» сайтининг хабар беришича, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси ўринбосари ҳисобланган Бекзод Тўрабоев финалга қадар испаниялик Карлос Альварес, бразилиялик Жонатас Барбоза, украиналик Дмитро Калченкони мағлубиятга учратган эди. Мезбонлар вакили Бруно Сильвага қарши кечган финал баҳсида Тўрабоевга белидан олган жароҳати панд берди.
Жаҳон чемпионатининг биринчи куни ҳамюртларимиздан Жамшид Файзиев (100 килограмм) бронза медали учун кечган беллашувда рақибига имкониятни бой бериб, кучли бешликдан жой олганди.
Кеча эса 81 килограмм вазндаги дзюдочимиз Жаҳонгир Эшманов бронза йўлидаги ўтиш баҳсида мағлуб бўлиб, еттинчи ўринни эгаллади.
Маълумот учун, бугун кечқурун соат 01:30 да Ўзбекистон фахрий дзюдочилар делегацияси Лиссабондан Тошкентга қайтиб келади.