Uncategorized

Жанубда “Уч авлод” учрашуви бўлиб ўтди

Мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар халқ фаровонлиги, юрт тараққиёти, ёшларнинг порлоқ келажагини таъминлаш борасидаги эзгу ишлар, ёшлар учун берилган имкониятлар ва яратилаётган шарт-шароитларни кенг тарғиб этиш мақсадида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида Жанубий оператив қўмондонлиги тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Aна шундай тадбирлардан бири Термиз шаҳрида жойлашган Тошкент давлат Низомий университети Термиз филиали маданият марказида “Уч авлод” учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Жанубий оператив қўмондонлиги, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши Сурхондарё вилояти минтақавий бўлинмаси, Сурхондарё вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, вилоят Нуронийлар кенгаши, Термиз ҳарбий прокуратураси ва мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмларида узоқ йиллар давомида хизмат қилган ва айни пайтда умргузаронлик қилиб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муносиб ҳисса қўшиб келаётган Қуролли Кучлар фахрийлари, талаба ёшлар ва ҳарбий хизматчилар иштирок этди.


Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – ёшларни мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, аҳоли фаровонлиги йўлида олиб борилаётган хайрли ишлар, ёш авлод келажаги йўлида барпо этилаётган бунёдкорлик ишлари борасидаги эришилган ижобий натижалар, ҳамда кекса авлод вакилларининг бой ҳаётий тажрибалари билан таништиришдан иборатдир.


Шунингдек сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги байрами билан табриклаб, кўп йиллар давомида халқ хизматида бўлган, ёш авлодларга беминнат устозлик қилиб келаётган спорт йўналиши, халқ таълими, касбий таълим ва мактабгача таълим тизимида ишлаган фидойи устозларнинг бой ҳаётий тажрибасини ўрнак қилиб кўрсатишиб, ёшлар учун яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ҳар бир ёшларни келажакда ўз ўрнини топиши лозимлигини таъкидладилар.

-Мустақиллик буюк неъматки, унда Ватан озодлиги, инсон эркинлиги, тинчлик, тотувлик, эзгулик сарчашмалари ҳукмронлик қилади. Мустақилликнинг мустаҳкам пойдевор бўлиб, авлодларга мерос қолишида, умрини ватанпарварлик, тинчликпарварлик йўлига сафарбар этган инсонлар хизмати беқиёсдир. “Уч авлод учрашуви”да қатнашган Қуролли Кучлар фахрийлари эса ёшларга чинакам ибрат намунаси бўлди, – дейди Сурхондарё вилоят мудофаа ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник Хусниддин Юлдошев.

Учрашувда фахрийлар, ҳарбийлар ва ёшлар дилдан суҳбат қуришди. Aйниқса, ёшлар ҳаётида унутилмас кун сифатида муҳрланган учрашув ҳарбийлик ҳаётига ҳавас уйғотиб, келгусида армия сафларида хизмат қилиш истагини янада кучайишига хизмат қилади.


Тадбир сўнгида 2000-2001 йилларда Сурхондарё вилоятининг Узун ва Сариосиё туманларида бўлган жангларда ҳалок бўлган жангчилар хотирасига бағишлаб фильм намойиш этилди. Шундан сўнг, университетнинг бадиий жамоа ҳаваскорлари ва Термиз гарнизони ҳарбий оркестр жамоаси ҳамда таниқли хонандаларнинг куй қўшиқларини ижро этилди.


III даражали сержант Aкбар AҲМЕДОВ,
Термиз гарнизони

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan