Uncategorized

Жанубда ҳарбий хизматчилар учун янги иншоотлар фойдаланишга топширилди

Жанубий оператив қўмондонлиги тасарруфидаги Какайди гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда янги барпо этилган бино ва иншоотлар комплекси фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Жанубий оператив қўмондонлиги, Жарқўрғон туман ҳокимлиги масъуллари, ҳарбий хизматчилар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар учун қулай маиший шароит яратиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётир. Ҳарбий қисмларнинг ўқув-моддий базаси, ҳарбий шаҳарчаларнинг инфратузилмаси тубдан янгиланмоқда.

Соҳада янги бошқарув тузилмаси, ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилгани халқ ва армия ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётир. Ушбу секторлар ташкил этилганидан буён “Халқ ва армия бир тану бир жон” шиори остида ҳарбий инфратузилмаларни модернизация қилиш ва тўпланиб қолган ижтимоий муаммоларни ҳал этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мазкур ҳарбий қисмда фойдаланишга топширилган иншоотлар ушбу ҳамкорлик натижасидир.

Мазкур ҳарбий қисм инфратузилмаси замон талабларига мос равишда капитал қурилди ва таъмирланди, мавжуд ўқув-моддий базаси янгиланди ҳамда замонавий ахборот-коммуникацион воситалар билан жиҳозланди.

Шаҳарчада ҳарбий хизматчилар шароитини яхшилаш ва уларга қулайлик яратиш мақсадида ётоқхона, тиббиёт пункти ва ўқув биноси янгидан қурилиб, замонавий ўқув анжомлари ва воситалари билан жиҳозланди.

Тадбирда Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи полковник Пўлатжон Сатывалдыев ҳарбий қисм шахсий таркиби, барча иштирокчиларни Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги билан самимий табриклади.

Ҳарбий қисмда қурилган янги бино ва иншоотлар эскиси билан таққослаганда, имкониятлар ғоят катта, – дейди дивизион командири подполковник Бобур Бўронов. – Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланаётган шахсий таркиб турли ҳарбий мусобақаларида ҳам муваффақиятли қатнашмоқда ва бундан кейин ҳам Ўзбекистон байроғини юқори шохсупаларга олиб чиқиб ривожланган давлатлар билан беллашишга тайёр эканлигини айтиб ўтди.

Шу кунининг ўзида ҳарбий қисм ҳудудига яқин жойлашган аҳоли ва ёшлар учун очиқ эшиклар куни бўлди, унда аҳоли ва ёшлар янги қуриб битказилган иншоотлардаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Танишув давомида Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосар подполковник Алишер Ширинов очиқ эшиклар кунига ташриф буюрган нуроний отахонлар ва ўқувчи ёшларга янги қуриб битказилган иншоотда жойлашган Буюк бобокалонлармиз Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди ва Захриддин Мухаммад Бобур ўқув хоналарини кўрсатиш билан биргаликда уларнинг жанг санаътлари ва босиб ўтган йўллари тўғрисида батафсил маълумотлар берди.

Тадбирда давомида ҳарбий қисмда жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликдан юқори натижаларга эришиб келаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва иншоотлар қурилишида фаол иштирок этган қурувчилар Жанубий оператив қўмондонлиги қимматбахо совғалари ва фахрий ёрлиқлари ҳамда миллий ўзбек тўнлари ва дўппилари топширилди.

III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ,

Термиз гарнизони

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan