Uncategorized

Афғон етакчилар биргалашиб Толибон билан музокара қилмоқчи

Бир гуруҳ афғон етакчилар ва маҳаллий қўмондонлар биргалашиб Толибон билан учрашиш, Афғонистоннинг янги ҳукуматини тузиш бўйича музокара олиб боришни режалаштирмоқда.

Балх вилоятининг қудратли собиқ ҳокими Ато Муҳаммад Нурнинг ўғли Холид Нурнинг айтишича, гуруҳга Афғонистондаги ўзбеклар етакчиси Абдул Рашид Дўстум ва Толибонга қарши чиқаётган бошқалар қўшилган.

“Биргаликда музокара қилишни маъқул топдик, чунки Афғонистондаги муаммоларни ҳеч биримиз якка ҳал қилолмаймиз”, – деди Нур “Рейтер” ахборот агентлиги билан суҳбатда.

Унга кўра, мамлакатнинг барча сиёсатчилари, айниқса анъанавий лидерлар ва халқ қувватловига эга шахслар бу жараёнга қўшилиши лозим.

Ато Нур ва Дўстум Толибон шимолдаги Мозори Шариф шаҳрини босиб олгач, мамлакатни тарк этган. Кўплаб туман ва вилоятларда ҳарбийлар жангсиз таслим бўлган. 15 август куни толиблар Кобулга кириши билан АҚШ қувватлаган афғон ҳукумати қулади.

Парда ортидаги музокаралар анъанавий афғон етакчилар саҳнага қайтаётгани нишонасидир. Афғонистондаги турли этник гуруҳлар ўртасида муроса қилмасдан туриб ҳеч бир томон мамлакатни узоқ вақт бошқара олмайди, дейди таҳлилчилар.

2001-йилгача бўлган даврдан фарқли ўлароқ асосан пуштунлардан иборат Толибон бу гал ҳужумга тайёргарлик олдидан тожик, ўзбек ва бошқа озчилик гуруҳлардан ёрдам сўрагани маълум.

“Толибон ҳарбий ғалабага эришгани сабабли ҳозир димоғи баланд. Аммо тахминимиз шуки, улар аввалгидек ҳукмронлик қилиш хавфини тушунади”, – дейди Нур. Бу билан у толибларнинг илгариги режими бошқа этник гуруҳларни четлатганига ишора қилмоқда.

Холид Нур дейдики, музокара ҳеч қандай натижа бермаслиги ҳам мумкин. Бундай ҳолатда, гуруҳ Толибонга қарши қурол кўтаришга тайёргарлик кўради.

“Таслим бўлиш мумкин эмас”, – дея таъкидлайди Қатарда афғон ҳукумати делегацияси таркибида Толибон билан музокарада қатнашган Нур.

Панжшер водийсида Толибонга қарши курашаётган жангчилар етакчиси Аҳмад Масъуд ҳам толиблар билан инклюзив ҳукумат тузиш бўйича мулоқот иш беради деган умидда. Акс ҳолда, Масъуд бошчилигидаги кучлар жанг қилишга тайёр.

Коррупцияда айбланган Ато Муҳаммад Нур, қийноқлар ва ваҳший хатт-ҳаракатларда айбланган Абдул Рашид Дўстум сингари етакчиларни халқ қанчалик қўллаб-қувватлаши мавҳум, дейди экспертлар. Ҳар иккиси бундай даъволарни рад этади.

Толибон ҳарбий ютуқлари шарофати билан тахминан 2000 зирҳли ҳарбий техника, 40 га яқин самолёт ва аскарлар ташлаб кетган қуролларга эга бўлди. Шунга қарамай, дейди Нур, толиблар халқ қўзғолонига бас келолмайди.

“Тарихдан маълумки, Афғонистонни ҳеч ким куч билан бошқаролмайди, бунинг имкони йўқ. Уларни ҳатто халқаро ҳамжамият қўллаб-қувватласа ҳам бундай бошқарув барбод бўлади”, – дейди Нур.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan