Uncategorized

Президент: Ўз вақтида бор куч-ғайратиини Ватанимиз равнақи учун бағишлаган табаррук инсонлар олдида биз бир умр қарздормиз

Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррирининг саволларига жавоб берди.

Савол: Мамлакатимизда кейинги йилларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида эришилаётган ютуқлар ҳақида сўз борганда, хотин-қизларнинг ўқиши, билим олиши, меҳнат қилиши, уларнинг соғлигини сақлаш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенглик бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар биринчи навбатда тилга олинмоқда. Бунинг сабаби нимада?

Жавоб: Бунинг сабаби оддий, албатта. Чунки дунёдаги ҳар қандай халқ, давлат ва жамиятнинг тараққиёт ва маданият даражаси аввало уларнинг хотин-қизларга бўлган муносабати билан белгиланади.

Aёл бор экан, оила деган муқаддас қўрғон, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор. Aёлларимиз бахтли бўлса албатта оиламиз, жамиятимиз ҳам бахтли бўлади.

Хотин-қизлар барча соҳа ва тармоқларда эркаклар билан тенг ҳуқуққа эга бўлиб, юксак ҳурмат-эҳтиромда яшаган мамлакатда албатта тинчлик ва ҳамжиҳатлик, ўсиш ва юксалиш бўлади.

Шунинг учун ҳам биз учун буюк Она тимсоли бўлган аёл зотини халқимиз азал-азалдан улуғлаб, эъзозлайди.

Одамзотга асрлар давомида меҳр туйғусини сингдириб, уни гўзаллик, вафо ва садоқат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаб келаётган азиз ва мукаррам зот ҳам оналаримиздир.

Бу ҳаётда нимага, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлсак, уларнинг барчаси мунис ва меҳрибон оналаримиз туфайлидир. Шунинг учун биз хотин-қизларимиз олдида доимо қарздорлик ҳисси билан яшаймиз. Уларга ҳар қанча меҳр ва эътибор кўрсатсак, арзийди.

Юртимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган муҳтарама оналар, опа-сингилларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш борасида давлат сиёсатини олиб боришда биз айнан ана шундай қадриятларга таянамиз.

Кейинги йилларда бу муҳим масаланинг амалий ижросига қаратилган 24 та ҳужжат, жумладан, 2 та қонун, Президентнинг 6 та фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 16 та қарори қабул қилингани опа-сингилларимизга бўлган юксак эътибор ва ғамхўрлик ифодасидир.

Ҳурматли аёлларимиз ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида фаол иштирок этиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишга беқиёс ҳисса қўшмоқдалар. Уларнинг орасида депутат ва сенаторлар, вазир ва ҳокимлар, академиклар, профессорлар, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, Халқ ўқитувчилари, Халқ шоирлари, Халқ артистлари борлигини барчамиз яхши биламиз.

Бугунги кунда мамлакатимизда Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши каби тузилмалар опа-сингилларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим рол ўйнамоқда.

Мамлакатимизда хотин-қизларни иш ўринлари, уй-жой билан таъминлаш, уларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада аёлларни касб-ҳунарларга қайта ўқитиш марказлари жорий этилгани, арзон уй-жойлар дастури амалга оширилаётгани муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳар йили оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг уй-жой бўйича бошланғич бадаллари давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилмоқда.

Жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган, турли соҳаларда ибратли натижаларга эришаётган, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган опа-сингилларимиз 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами, Мустақиллик куни, турли касб байрамлари муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофотлари, шунингдек, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланмоқда.

Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган қизларнинг сони 367 нафарга етгани ҳам ана шундай ишларимиз қаторига киради.

Суҳбатимиз бошида айтилганидек, “Aёллар дафтари” тизими асосида хотин-қизлар ўртасида камбағаллик ва ишсизликни тугатиш бўйича изчил иш олиб борилмоқда.

Савол: Юртимизда хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган кекса авлод вакиллари, муҳтарам фахрийларимизга алоҳида меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Бу борадаги амалий ишларнинг келгуси ривожи ҳақида ҳам фикрингизни билмоқчи эдик.

Жавоб: Мен ҳар доим бугунги тинч-осойишта, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳақида ўйлаганимда, бундай ёруғ кунларга етиб келишда қанча-қанча авлод вакиллари, ота-боболаримиз тинимсиз меҳнат қилганлари, ўз бошига тушган барча синов ва машаққатларни сабр-матонат билан енгиб ўтганларини чуқур миннатдорлик билан эслайман. Улар ўзлари қийналиб бўлса ҳам бизни шундай тинч ва дориломон кунларга етказганлари – бу ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган улкан жасорат, фидойилик ва қаҳрамонликдир.

Шунинг учун бундай мард ва олижаноб аждодларимиздан ўтганларининг хотирасини улуғлаб, ҳамиша чуқур ҳурмат-эҳтиром билан ёд этиш, бугун орамизда яшаб келаётган муҳтарам нуронийларимизни ҳар томонлама ардоқлаш – муқаддас бурчимиздир.

Энг муҳими, бундай савобли ишларимиз ёшларимиз учун ҳам тарбия ва ибрат мактабига айланади.

Aлбатта, сиз, журналистларга яхши маълум – юртимизда кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг мазмунли умр кечириши учун зарур шароитларни яратиш борасида катта ишлар қилинмоқда. Хусусан, пенсия ва нафақаларни расмийлаштириш, уларни ўз вақтида тўлаш, турли ижтимоий хизматлардан фойдаланиш билан боғлиқ қийинчилик ва муаммолар бартараф этилди. Жамиятимиз ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган отахон ва онахонларимиз “Нуроний” жамғармаси томонидан моддий ва маънавий рағбатлантирилмоқда.

Кекса авлод вакилларининг саломатлигини асраш, уларга республикамиздаги турли санатория ва дам олиш уйларига имтиёзли йўлланмалар бериш, байрам кунларида уларни алоҳида қутлаб-табриклаш, доимий иззат-ҳурмат кўрсатиш эзгу анъанага айланиб бормоқда.

Такрор айтаман, ўз вақтида бор куч-ғайрати, билим ва салоҳиятини Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун бағишлаган бундай табаррук инсонлар олдида биз бир умр қарздормиз. Муҳтарам нуронийларимизнинг ҳаётини янада файзли қилиш, улар ўзларининг бой тажрибаси, фойдали маслаҳатлари билан ижтимоий ҳаётимизда, айниқса, Янги Ўзбекистон ёшларини тарбиялашда янада фаол иштирок этишлари учун қўшимча имкониятлар яратамиз.

Бу масалаларга алоҳида урғу бериб гапираётганим албатта бежиз эмас. Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида халқимизни рози қилишни ўз олдимизга улуғ мақсад қилиб қўйган эканмиз, буни жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси ўз ҳаётида сезиши, ҳис этиши биз учун ғоят муҳимдир.

Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида уч авлод вакиллари ўртасида самимий учрашувлар ўтказилаётгани, уларда муҳтарам нуронийларимиз ҳам фаол иштирок этиб, ўзларининг меҳнат ва ҳаёт тажрибаси, бугунги тинч ва ёруғ кунларнинг қадр-қиммати ва аҳамияти ҳақида билдираётган фикрлари ёшларимиз учун чинакам тарбия мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan