Uncategorized

Аввал хабар қилганимиздек, бугун Тожикистоннинг Хатлон вилояти делегацияси икки кунлик ташриф билан Сурхондарёга келди.

Меҳмонларни Термиз туманидаги «Гулбаҳор» чегара-божхона постида Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Усмон Туропов бошчилигидаги расмийлар кутиб олди, деб хабар қилмоқда Сурхондарё вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, Хатлон вилояти раиси Қурбон Ҳакимзода бошчилигидаги делегация ташрифидан кўзланган асосий мақсад – ҳудудлараро савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кучайтириш, меҳмон давлат вакилларини вилоятимиздаги бир қатор объектлар билан таништириш ва тажриба алмашишдан иборат.

Тожикистоннинг Хатлон вилояти делегацияси дастлаб Термиз туманидаги “Termiz Cargo Centre” халқаро логистика маркази фаолияти билан танишишди.

Мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорлари билан афғонистонлик ишбилармонлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётган ушбу марказда қўшни давлат тадбиркорларига сифатли хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар яратилган.

Хусусан, замонавий марказдаги мавжуд консуллик вакили, божхона терминали биноси, маҳсулотларни сақлаш учун омборхоналар, шунингдек, тижорат банкларининг шаҳобчалари тожикистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг делегация вакиллари Термиз халқаро савдо марказига ташриф буюришиб, унинг қурилиш бош режаси билан танишди.

2022 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган ушбу марказ учун Термиз туманидан 26 гектар майдон ажратилган. Умумий қиймати 75 миллион доллар бўлган марказда маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш мажмуалари қурилиб, савдо хизматлари йўлга қўйилади. Зарур инфратузилма тармоқлари барпо этилади.

Лойиҳага кўра, бу ерда 1 минг 800 та савдо нуқтаси, 50 минг тонна юк сиғимига эга логистика маркази, 400 ўринли иккита меҳмонхона, шифохоналар, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахоналар барпо этилиши режалаштирилган. Корпусларнинг биринчи қаватида савдо нуқталари, иккинчи қаватида енгил ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш кўзда тутилган.

Халқаро савдо марказининг йиллик савдо айланмаси 500 млн доллар, хизматлар ҳажми 10 млн доллар бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. Бунинг натижасида 192 млн долларлик экспорт қуввати пайдо бўлади.

Тожикистоннинг Хатлон вилояти делегацияси айни пайтда эса Термиз туманининг Янгиариқ ҳудудидаги «Оқтепа Термиз» фермер хўжалиги пахта далаларида бўлиб, ғўза ривожи билан яқиндан танишишмоқда.

Меҳмонларга вилоятда пахта етиштириш агротехнологияси, селекцияси, генетикаси ва биотехнологияси йўналишидаги ишлар ҳақида маълумотлар берилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan