Uncategorized

АҚШ бош дипломати лагерда сақланган уйғурлар билан мулоқот қилди

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Хитойнинг Шинжон минтақасидаги қайта тарбиялаш лагерларида сақланган уйғурлар билан виртуал тарзда учрашиб, уларнинг бошидан ўтганларини тинглади, Хитойга қандай босим ўтказиш кераклиги ҳақида маслаҳат сўради.

Давлат департаментига кўра, Блинкен уйғур халқи юзлашаётган муаммолар ҳақида уларнинг ўзидан эшитишни истаган.

“Давлат котиби бу инсонларнинг ҳикояларини, Шинжонда давом этаётган ваҳшийликлар ва миллионлаб уйғурларнинг панжара ортида сақланаётгани ҳақидаги фикрларини тинглашни лозим деб топди, – дейди Давлат департаменти сўзловчиси Нед Прайс. – Иштирокчилар ўз тавсияларини ҳам беришди”.

Хитой уйғурлар ва озчиликдаги бошқа халқлар вакилларини “қайта тарбиялаш” учун лагерларда сақлаётгани учун халқаро ҳамжамият танқидига ва санкцияларга учраган.

Байден ва Трамп маъмурияти бир-биридан тубдан фарқ қилса-да, дейди Прайс, ушбу учрашув уйғурлар масаласида АҚШ сиёсати изчил эканини кўрсатади.

Ҳар икки маъмурият уйғурларга қарши зулмни “геноцид” деб атаб, Хитойга санксиялар қўйган. Олдинги давлат котиби Майк Помпео ҳам уйғур собиқ маҳбуслар билан бир неча бор учрашган эди.

“Америка Шинжонда юз бераётган ҳуқуқбузарлик, ваҳшийлик ва геноцид тўғрисида очиқ ва мунтазам гапириб келмоқда. Агар жоиз бўлса, бу воқеалар учун жавобгар мансабдор шахсларни жазолаш учун келажакда қўшимча воситалардан ҳам фойдаланамиз”, – дейди Давлат департаменти сўзловчиси.

Трамп президентлиги давридан буён АҚШ бир неча йўналишда Пекинга нисбатан босимни оширмоқда. Бунга, хусусан, Шинжондаги тазйиқлар ва Гонконгда норозилик намойишлари бостирилгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Амалдаги жазо чоралари Хитой расмийларининг саёҳат қилишини чеклаш, молиявий санксиялар ва Хитой товарлари экспортига чекловларни ўз ичига олади.инсон ҳуқуқлариАҚШ

Реклама ҳақида маълумот

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan