Uncategorized

Олис ҳудудлар аҳолиси турмуш тарзини яхшилаш борасидаги амалий ишлар ўрганилди

Маҳаллабай кесимида амалга оширилаётган тадбирлар, ҳусусан,  аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам билан ишлашнинг аҳволи ҳамда  халқ билан юзма-юз мулоқот орқали жойлардаги  муаммоларни ўрганиш мақсадида Наманган вилоятига ташриф буюрган Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги ишчи гуруҳ бугун Чортоқ туманига келди.

Дастлабки манзил — Бешкапа маҳалласидаги кичик саноат зонаси бўлди. Бу ерда 95,5 миллиард сўм қийматдаги 37 та лойиҳани рўёбга чиқариш орқали 1 287 та янги иш ўринлари яратилади. Хозирда қатор ташаббускорлар ўз бизнесларини бошлаган. Улардан бири — “Ойдинтекстил” масъулияти чекланган жамияти. Уч қаватли ишлаб чиқариш биносида калава ип ва триктотаж маҳсулотлари тайёрлашни йўлга қўйиб, лойиҳанинг биринчи босқичида маҳаллий фуқаролардан 35 нафарининг  бандлиги таъминлади. Жумладан, уларнинг 8 нафари яқин вақтгача “Ёшлар” ва “Аёллар” дафтари рўйхатида турган эди. Эндиликда 1-1,5 миллион сўмгача маош олиб, рўзғорга ўз ҳиссасини қўшяпти.

Корхона таъсисчиси Муҳайё Банноеванинг сўзларига кўра бу ерда хом ашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган технология жорий этилади. Яъни миникластер асосида калава ипни йигиришдан бошлаб, тайёр кийимгача бўлган барча жараёнлар шу ернинг ўзида бажарилади. Бироқ тадбиркор таъкидлашича, лойиҳа ижроси силлиққина кетаётгани йўқ. Масалан, тўқилган газламани бўёқдан чиқариш, гул босиш учун энг аввало газ ёнилғиси керак, аммо зарур босимга эга газ йўқ. Шу сабаб тадбиркор  амалда тўқувдан чиқарилган матога гулни бошқа турдош корхонада  бостириб келишга мажбур. Бунинг учун эса М. Банноева баъзан ҳафталаб навбат кутиши қайд этди.

Сенат Раиси тадбиркор кўтарган масала бўйича туман мутасаддиларини саволга тутди. Улардан  юқори қувватли газ тақсимлаш қурилмасини ўрнатиш  режаси тайёрлангани  ҳақидаги жавобни эшитиб, ишни тезлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Ўрганишлар давомида ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш орқали олис ҳудудлар аҳолиси турмуш тарзини яхшилаш борасидаги амалий ишлар Чортоқда ҳам кенгайиб бораётгани кузатилади. Масалан,  Ораариқ маҳалласида тадбиркор Абдуғанишер Каримов томонидан ишга туширилган “Doktor A” хусусий клиникаси дардига  даво истаб юрган кўплаб фуқароларнинг йўлини яқин қилди. Халқаро андозалар даражасида хизмат кўрсатишни мақсад қилган муассасада стоматология ва гинекология йўналишида хизмат кўрсатилаётир. 20 ўринли стационари,  дорихонаси бор. Муассаса ишга тушиши билан 25 киши доимий меҳнат ўрнига эга бўлди. Кўрикка келаётганлар орасида ижтимоий кўмакка муҳтож, яъни, “Аёллар дафтари”да кирганлар ҳам бор. Улардан 52 тасига  бепул даволаш курси билан тиббий  ёрдам кўрсатилди.

“Бест пирамида”  хусусий корхонаси ҳам маҳаллабай тизимдаги ўрганишлар натижасида Пешқўрғонда аниқланган ишсиз хотин-қизлар муаммосини ҳал қилишда астойдил туриб берган бизнес субъектларидан. Бу ерда  трикотаж маҳсулотлари тайёрланади. Тикув дастгоҳларига ўтирган 40 нафар хотин-қизнинг  ўндан ортиғи яқин вақтгача  ўзига мос юмуш йўқлигидан уйида ўтириб қолганлигини унутгани йўқ. Улар янги касбни қисқа вақт ичида ўзлаштирди. Тиккан кийим-кечаклари хорижий       буюртмачиларга ҳам маъқул келгани боис корхона яқинда россиялик ҳамкорлар билан  300 минг АҚШ доллари  қийматидаги дастлабки экспорт шартномасини имзолади.

Навбатдаги манзил Боғистон маҳалласидаги “Боғистон мега текстил” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Собиқ агрофирманинг фойдаланилмаётган икки қаватли биноси ўрнида   ишга туширилган тикув трикотаж цехида 45 хотин-қиз меҳнат қилаётир.

Тикувчилик цеҳи жойлашган бинодан ажратиб берилган иккита хонада “Аёллар маслаҳат маркази”  фаолият кўрсатади.  Маҳалланинг обрўли  онахонлари бу ерда тез-тез йиғилиб туришади-мақсад битта: оилалар аҳил-иноқ яшасин. Яраштириш комиссияси, “Ораста қизлар”, “Иффатли келин” клублари иши намунали йўлга қўйилган. Сенат Раиси Т.Нарбаева марказга тўпланган бир гуруҳ онахонлар, фаол хотин-қизлар билан суҳбатлашди.

Сенат Раиси шу жойда аёлнинг оиладаги, фарзандлар тарбиясидаги ўрни ҳақида гапириб, ўғилми-қизми чуқур билим олишга, айниқса,  тил ўрганишга қизиқишини орттиришга аҳамият бериш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Сенат ишчи гуруҳи шу куни Балиқликўл маҳалласидаги Султон Увайс Қароний мажмуаси билан танишди. Бу ердаги музей биносида туман Кенгаши депутатлари ва сектор раҳбарлари, сиёсий партияларнинг вакиллари билан мулоқот ташкил этилди.

Шу билан Олий Мажлис Сенати Раисининг Наманган вилоятига ташрифи якунланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan