Диний йўналишда 58 та веб-сайт, 166 та “Telegram” канал, 200 та «Фейсбук» саҳифаси ҳамда “Youtube” видеохостингида 21 та канал фаолият олиб боради
Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов маълум қилди.
2017-2021 йиллар мобайнида республикамизда 49 та янги жомеъ масжид очилди. Жумладан, 2021 йилда 9 та янги масжид ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирда масжидларнинг умумий сони 2088 тани ташкил этади. Улардан, 2016 таси жомеъ, 72 таси эса маҳаллий масжид мақомида.
Умуман олганда ушбу даврда 69 та диний ташкилотлар рўйхатдан ўтган. Жумладан, 49 та янги масжидлар ва 3 та мадраса ташкил этилди ҳамда бошқа конфессияларга мансуб 17 та диний ташкилотлар рўйхатдан ўтказилди ва уларнинг умумий сони 191 тага етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва тизимдаги такшилотлар ва диний соҳа ходимларининг 58 та веб-сайти, 166 та “Telegram” канали, 200 та «Фейсбук» саҳифаси ҳамда “Youtube” видеохостингида 21 та канали фаолият олиб бормоқда. Таҳлилларга кўра умумий Интернет фойдаланувчиларнинг қамрови 5 млн.дан ортади.
Юртдошларимизнинг соф диний масалаларда тўғри ва ишончли маълумот олишлари учун 78-150-33-44 телефон рақамига мурожаат қилиб, малакали мутахассислардан жавоб олиш мумкин.
Рамазон ойи муносабати билан туну кун ишлайдиган махсус Call-марказ фаолияти ҳам йўлга қўйилган бўлиб, бир кунда 1000 дан ортиқ савол-жавоблар бўлмоқда.